Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилади. Шу боис Олимпия шаҳарчасида мазкур мусобақалар дастурига киритилган барча спорт турлари учун шароит бўлади. Унинг майдони 100 гектар. Асосий иншоотлар — 10 минг ўринли стадион ва 2 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуаларидир.

Шунингдек, 4 қаватли маъмурий бино, 15 та очиқ спорт майдони, югуриш йўлаклари, боғлар барпо этилади. Шаҳарчанинг 54 фоиз майдони яшил ҳудуд бўлади. Бунинг учун 37 гектарда сунъий кўллар ташкил қилинади. Лойиҳа 70 та мамлакатда спорт иншоотлари қурган Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

2022 йил 9 ноябрь куни давлат раҳбари мазкур шаҳарча қурилишига тамал тошини қўйганди. Бугунги кунда асосий биноларнинг пойдевор ишлари тўлиқ бажарилган. 5 та мажмуанинг конструкциялари тикланиб, қад кўтариб қолган. Қурилишга мингга яқин ишчи ва муҳандислар, махсус техникалар жалб қилингани қайд этилди.

Давлат раҳбари шаҳарчани эксплуатация қилиш бўйича хорижий тажрибани жорий этиш, хавфсизлик чораларини кўриш ва қулайликларни ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Осиё ўйинлари ўтгандан кейин мажмуалар бўшаб қолиши керак эмас, халқимизга хизмат қилиши керак. Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Кейинчалик у ерда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, Ўзбекистон давлат спорт академияси ва бошқалар фаолият кўрсата бошлайди. Майдончаларда аҳоли ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.

«Келажакда бу шаҳарча билан болалар спорт мактабларини ҳам боғлаш керак. Оммавий спортдан профессионал спортга ўтиш кўприги бу», — деди президент.

Шаҳарчада паралимпия ўйинлари ҳам ўтказилгани боис жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулай йўллар ва алоҳида секторлар ташкил этилади. Президент тавсиясига мувофиқ, мажмуада қайта тикланувчи энергиядан ҳам фойдаланилади. Йиллик қуввати 10 мегаватт 56 минг квадрат метр қуёш панеллари ўрнатилади.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Ўша ерда Тошкент шаҳри бўйича ўтган йили тақдимот қилинган инвестиция дастурига мувофиқ, бу йил ишга туширилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, 2023 йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 360 та лойиҳа бажарилиб, жами 20 мингта иш ўрни яратилган.

Шунингдек, келгусида Янгиҳаёт туманида 650 гектар майдонда янги авлод саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.