9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Маросимда Осиё Олимпия кенгаши бош директори Ҳусайн ал-Мусаллам, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, CAMC Engineering компанияси бош директори Ли Хайсин, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва ёш спортчилар сўзга чиқиб, шаҳарчанинг бўлажак шароитлари ва аҳамияти ҳақида гапирди.


Давлат раҳбари нутқи давомида ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари 2025 йилда Тошкентда ўтказилишини айтиб ўтди. Унда қитъадаги 45 мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.

Ушбу халқаро мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи марта ташкил этилади. Уни юқори савияда ўтказиш мақсадида замонавий Олимпия шаҳарчасини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президент бу лойиҳа билан бир неча бор танишиб, кўрсатмалар берганди. Бу тавсиялар бош лойиҳачи — Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан такомилга етказилди.

«Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланишига ишонаман. Бу маскан меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.


Таъкидланишича, мажмуа мусобақалардан сўнг бўшаб қолмайди. Кейинчалик бу ерда Спортни ривожлантириш вазирлиги, спорт федерациялари ва Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолият кўрсата бошлайди. Мажмуаларда аҳоли ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.

«Мамлакатимизда ҳамма соҳаларда лойиҳалар, иморатлар кўпайяпти. Буларнинг замирида буюк халқимизнинг буюк меҳнати ётибди, буюк халқимизнинг нияти, эртанги кунга ишончи ётибди. Худо хоҳласа, бундай лойиҳалар яна кўп бўлади», — деди давлат раҳбари.