Тошкентда кўплаб граффитилари билан танилган кўча рассоми Inkuzart навбатдаги ишини тақдим этди. Унда Фаластин-Исроил уруши тасвирланган.

Расмда ҳарбий кийимида Исроил байроғи акс этган, қўлида қуроли бор аскар ва унинг олдида юрагини унга тақдим этаётган болакай акс эттирилган.

Видео охирида рассом томонларни сулҳга чақириб, тинчликнинг халқаро рамзини қўйганини кўриш мумкин.

inkuzart, гўдаклар, исроил, уруш, фаластин

Рассом ўз ижодий ишини эълон қиларкан, пост изоҳига Шавкат Мирзиёевнинг «Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг БМТ Бош ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», деган сўзларини ёзиб қолдирган.

Ўтган йилнинг ёзида Inkuzart Украина-Россия урушига аталган, ўзида ҳар бири турли бурчаклардан кўринадиган икки портретни тақдим этганди — унда Владимир Путин ва Владимир Зеленский тасвирлари мужассамлаштирилган. «Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати борлигини айтмоқчи бўлдим», — деганди ижодкор «Газета.uz»га.