16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтаётган «Ипак йўлидаги туризм» ТИТФ2023 кўргазмаси доирасида Евросиё тоғ курортлари альянси (ETКА) тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар берди «Газета.uz»га ташкилотчилар.

Альянс июнь ойида тузилган ва унга Ўзбекистондаги «Амирсой», Қозоғистондаги «Шимбулоқ» ва Россиядаги «Роса Хутор» оромгоҳлари кирган.

Тақдимотда дам олиш масканлари вакиллари янги альянснинг мақсад ва вазифалари, жорий қиш мавсумида режалаштирилган қўшма тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Альянс келгуси йил учун учта курортда ўтказиладиган спорт, маданий ва кўнгилочар тадбирларнинг умумий тақвимини тақдим этди, уларга ташриф буюрган сайёҳлар иштирок этиш учун маълум бонусларга эга бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, ушбу бонуслар альянснинг учта курортидан исталганида хизмат ҳақини тўлаш учун ишлатилиши мумкин, деди унинг вакиллари.

Тақдимот маросимида альянс 2024-йил март ойида Сочидаги «Роса Хутор» курортида Тоғ курортлари фестивалини ўтказиши маълум қилинди. Унинг дастури альянс ташкилотчилари томонидан тоғ чанғиси ва сноуборд бўйича бепул маҳорат дарслари, гастрофестивал, фольклор дастури, тоғ курортлари ходимлари учун ўқув модули ва курорт фаолиятининг долзарб жиҳатлари бўйича профессионал муҳокамаларни ўз ичига олади.

Альянс вакиллари давлатлараро сайёҳлик маршрути қандай ишлаб чиқилаётгани, учта курортда ягона тоғ-чанғи йўлланмасини жорий этиш имкониятлари ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Бундан ташқари, альянсга Озарбайжоннинг энг йирик тоғ курорти «Шаҳдаг» қўшилди. Тегишли меморандумни альянснинг барча дам олиш масканлари вакиллари ва «Шаҳдаг» тоғ курорти раҳбари Рустам Нажафов имзолади.

«Умумий мақсадимиз — туризм ва меҳмондўстлик соҳасида янги йўналишларни кашф этиш, сифат ва рақобатбардошликни ошириш, туризм маданиятини янги босқичга олиб чиқиш, — дейди «Амирсой» тоғ курорти бош директори Саидвали Саидхўжаев. «Ишончим комилки, альянс халқаро туризмни ривожлантириш билан боғлиқ янги ғоялар ва лойиҳаларни яратиш, шунингдек, хавфсиз, яшил ва арзон туризмни ривожлантириш учун муҳим ва фойдали платформага айланади».

Альянс котиби Андрей Кукушкиннинг айтишича, ҳозирда EТКАни юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда, у ихтиёрий жамоат бирлашмаси бўлади. Ташкилот котибияти Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлади.