16 ноябрь куни Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган чораларни йиғилишда муҳокама қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда банклар ва тўлов ташкилотларининг устав фондининг (устав капитали) ҳажмига қўйилган талабнинг бажарилиши, Марказий банкнинг пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига доир масалалар таҳлил этилди.

Марказий банк кўрсатмаларига амал қилмаганлиги ва юклатилган вазифалар ижросини таъминламаганлиги сабабли 16 та банкка нисбатан жарима чораси қўллади. Банк номлари хабарда келтирилмаган.

Хусусан, 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чеклов ўрнатилди, 1 та тўлов ташкилотининг лицензиясини амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилди.

5 та тижорат банки ва 1 та микромолия ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликлар учун чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш бўйича кўрсатмалар берилди, дейилади хабарда.

Октябрь ойи охирида Марказий банк кредитлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ошкор этмагани учун 16 та тижорат банкига нисбатан жарималар белгилаганди.