«Менинг биринчи уйим» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида президент қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Ҳужжат билан уй-жойлар қандай шартлар асосида реализация қилиниши белгиланмоқда.

Дастур доирасида кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари тендер савдолари асосида аниқланади.

Қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларида реализация қилинади. Имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилинади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун қатъий белгиланган 32 млн сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 млн сўм миқдорида давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратилади.

Қайд этилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Туркиянинг ТОКИ давлат компанияси билан ҳамкорликда «Менинг биринчи уйим» дастури ишлаб чиқилган. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг «Менинг биринчи уйим» дастурини биринчи босқичини тажриба-синов тариқасида Зангиота тумани «Туркистон» МФЙда амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилмоқда.

Дастур доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишларини мувофиқлаштириш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги «Менинг биринчи уйим» дастурини амалга ошириш дирекцияси ташкил этилади ва унга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • тадбиркорлик субъектлари билан давлат-хусусий шерикчилик битимларини тузиш ва битим шартларини мустақил белгилаш;
  • «22626» махсус ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағлардан фойдаланиш.

Дастурни амалга оширишнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари, бозор инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун — Дирекция ва тадбиркорлик субъектларининг маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари;
  • ижтимоий инфратузилма объектлари (мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда тиббиёт пунктлари)ни лойиҳалаштириш ва қуриш учун — Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. Бунда, ижтимоий соҳа объектлари давлат-хусусий шериклик асосида қурилганда, молиялаштириш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ амалга оширилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги дастурнинг биринчи босқичини амалга ошириш учун белгиланган тартибда ер участкасини ажратиш ишларини амалга оширади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 22 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида иштирок этиб, вилоятдаги ҳар бир фуқарога бир марта янги қурилган хонадонни имтиёзли ипотекага олиш имкониятини бериш кераклигини таъкидлаганди. Шу муносабат йиғилишда келгуси йилдан «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастурини Тошкент вилоятидан бошлаш таклиф қилинганди.

2023 йил 5 апрелдаги йиғилишда эса «Менинг биринчи уйим» дастурини бошлаш учун Қурилиш вазирлиги ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этилиши, унга Зангиота туманидан 36 гектар ер майдони ажратилиб, ушбу ҳудудни комплекс ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилиши маълум бўлганди.

Ушбу ҳудудда 2,5 минг оилага мўлжалланган, барча стандартларга жавоб берувчи қулай ва энергия тежамкор 58 та кўп қаватли уй-жой барпо этилиши таъкидланган. Шунингдек, уйлардаги 2 ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори «амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлиши» таъкидланганди.

Ўша йиғилишда, шунингдек, Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигига бир ҳафта муддатда «Менинг биринчи уйим» шаҳарчасининг мастер режасини якунлаш, лойиҳани экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилганди.