Президент Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида иштирок этмоқда, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби.

Сессия давомида президент 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Зойир Мирзаев номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди. Номзод 10 ой давомида вилоятда тўплаган тажрибаси ва хулосалари асосида келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари ҳақида маълумот берди.

Хусусан, номзод ўз тақдимотида аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталди. Бир кишига уй-жой билан таъминлаш даражаси республика даражасидан пастлигича қолаётгани қайд этилди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга бир қатор вазифалар берди:

  • келгуси йилга эҳтиёжманд аҳоли уй-жой ипотекаси учун 100 миллиард сўм субсидия ажратиш;
  • Зангиота туманида «Янги Ўзбекистон» массивини қуриш бўйича таклиф киритиш;
  • Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида 19 та авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларда яшовчиларни замонавий уй-жой билан таъминлаш чорасини кўриш топширилди.

Шунингдек, президент вилоятдаги ҳар бир фуқарога бир марта янги қурилган хонадонни имтиёзли ипотекага олиш имкониятини бериш кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан келгуси йилдан «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастурини Тошкент вилоятидан бошлаш таклиф қилинди.