Аввалроқ Ўзбекистонда дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилингани ҳақида ёзгандик. Бу янгилик Қонунчилик палатаси расмий сайтида 13 ноябрь куни («Газета.uz»да 15 ноябрь куни) эълон қилинган хабарда қайд этилганди.

Гап «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда.

Мазкур хабар тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, 15 ноябрь куни тушдан сўнг, Қонунчилик палатаси матбуот котиби, депутат Одилжон Тожиев «Газета.uz»га бу турдаги жиноят учун жазо аксинча енгиллаштирилаётганини маълум қилиб, палата сайтидаги хабар таҳрирланишини қайд этди.

Янгиликдан олиб ташланган қисм: «Мамлакатимиз ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари уларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланган. Жазо чоралари қатъий белгиланган бўлсада, ушбу тоифадаги жиноятлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Қонун ташаббускорлари шундан келиб чиқиб, жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда».

Янгиликда қолдирилган ва асосий урғи берилган қисм: «Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш ҳаракатларини содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, Жиноят кодексининг белгиланган санкцияларига муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда».

Бундан англаш мумкинки, мазкур турдаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик, қолаверса, жиноий санкцияларга қўшимча енгилроқ жазо турларини киритиш таклиф этиляпти.

Қонун лойиҳаси эълон қилинмагани учун жазоларга батафсилроқ тўхталишнинг имкони бўлмади. Лойиҳа фракциялар йиғилишларида муҳокама қилиб бўлингач, жонли эфирда узатиладиган қуйи палатанинг ялпи мажлисида муҳокама қилинади.

Жамоатчилик муносабати

Отабек Бакиров X (Twitter) тармоғида ёзишича, «бу хато қарор».

«Яна ибтидоий ҳам. Мудофаа ва хавфсизликни кучайтириш ўрнига, янада ожизлантиради», — деган фикрда иқтисодчи.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам жазо кучайтирилишини танқид қилди.

«Қонуний фойдаланишга эса изн берилмайди. Ўйнаб қўяй! Ҳаммага дрон учиришни ўргатиш керак аслида», — деб ёзди у.

Амалдаги жазо

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Жиноят кодексига 2019 йилда мамлакат ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилган.

Ўша ҳаракатлар

  • такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
  • шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
  • баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:

  • одамлар ўлимига;
  • ҳалокатга;
  • бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.