Тадбиркорлик субъектларига ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаганлик учун давлат гранти ажратилади. Бу ҳақда 13 ноябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.

Давлат гранти 20 нафаргача хотин-қизни иш билан таъминловчи, маҳаллалардаги хотин-қизлар марказларини очган тадбиркорларга берилади.

Маблағ ҳар 1 нафар бандлиги таъминланадиган ишсиз хотин-қиз учун 3 миллион сўмдан ошмаган миқдорда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари 25 ноябрга қадар тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларига лойиҳа таклифларини ва ҳужжатларини тақдим этишлари мумкин. МФЙ орқали тақдим этилган лойиҳалар 28 ноябргача туман-шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилади.

30 ноябрга қадар ҳудудий бошқармалар томонидан қўмитага давлат гранти ажратилиши сўралган буюртманома юборилади. Лойиҳалар 15 декабрга қадар республика комиссияси томонидан кўриб чиқилади. 20 декабрга қадар жамғарма маблағлари ҳисобидан навбатдаги давлат гранти ажратилади.

Танловнинг зарурий талаблари ва грант маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси расмий веб-сайти орқали ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги 650-сонли қарори орқали маълумот олиш мумкин.

Ҳужжатда «ишсиз, айниқса, қишлоқ жойларда бола тарбияси билан уйда ўтириб қолган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик каби йўналишларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш» кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилиши ҳақида хабар берилганди.