Президентнинг 22 июлдаги ПҚ-329-сонли қарори билан меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм)дан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, ёшлар ва хотин-қизлар учун касб-ҳунар ва тадбиркорлик бўйича ўқув курслари харажатининг 70 фоизи, лекин 1 млн сўмдан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.

Шунингдек, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган ёшлар ва хотин-қизлар касб-ҳунарга, тадбиркорликка Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида тўлиқ бепул ўқитилади.

Ўқув курсларини якунлаган ишсиз хотин-қизлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилади.

Тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқув курсларини якунлаган хотин-қизларга тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишидан бошлаб, ўз фаолиятини мустақил олиб боришига қадар бўлган жараёнда ҳоким ёрдамчилари томонидан тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиб борилади.