Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни Жиззах вилоятида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Инвестор — Туркиянинг Cengiz Enerji San. VE TIC A.Ş. компанияси, Cenergo эса лойиҳа компанияси ҳисобланади. Август ойи бошида президент Cengiz Holding раҳбари билан учрашувда Жиззах вилоятида электр станцияси қурилишини бошлаб берган эди.

Дастлаб 450 МВт қувват 56 фоиз самарадорлик билан режалаштирилган эди, бироқ инвестор қувватни 520 МВтга, самарадорликни эса 62 фоизга оширишни таклиф қилди, — деган эди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев

Президент қарорида эса қувват 550 МВтга оширилган. Объектни 2025 йилда ишга тушириш режалаштирилган. Бу 4 млрд кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш ва камида 700 млн кубометр газни тежаш имконини беради.

Объектни қуриш учун Жиззах вилояти Шараф-Рашидов туманидан 9,54 гектар ер участкаси ажратиш режалаштирилган. Бунда қишлоқ хўжалиги ерлари бошқа тоифага ўтказилади.

Ҳужжатга мувофиқ, инвестор ва лойиҳа компанияси буғ-газ электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва фойдаланишга масъул бўлади ҳамда 500 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади.

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 2 млн доллар миқдорида биринчи даражали хорижий банк кафолатини тақдим этади. Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компаниясига кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси эса 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади. Электр энергияси учун тўлов миллий валютада амалга оширилади. Бироқ тарифлар миқдори ошкор этилмаган.

Инвестор ва лойиҳа компанияси, агар улар ўз мажбуриятларини бажара олмасалар, электр станцияси қурилишини молиялаштиришда иштирок этувчи бошқа кредиторларга ҳуқуқларни бериши мумкин.

Лойиҳа компаниясига кредит олиш, чет эл валютасида маблағлар олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет эл банкларида банк ҳисобварақларини очиш, шунингдек, хориждаги пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилади.

Сув хўжалиги вазирлиги, UzGasTrade, «Ўзтрансгаз», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияларига Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажм ва параметрларга мувофиқ, лойиҳа компанияси эҳтиёжлари учун табиий газ ва техник сув етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаш топширилди.

Газ ва технологик сув етказиб берилмаган тақдирда, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, лойиҳа ташкилотига етказилган зарар, шу жумладан барча турдаги жарималар ва йўқотилган фойда миқдори қопланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига электр станциясини ишончли ва узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида газ таъминоти инфратузилмасини қуриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш топширилди.