Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар бериш тартибини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 8 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Депутат Анвархон Темировнинг маълум қилишича, бугунги кунда айрим эҳтиёжманд оилалар ипотека дастури бўйича уй-жой сотиб олиш учун дастлабки тўловни тўлашда субсидиядан фойдалана олмаяпти. Сабаби, субсидия олгандан кейин банклар иш ҳақи камлиги ёки даромади етарли эмаслиги сабабли ипотека беришдан бош тортмоқда.

Жамшид Қўчқоров ҳудудларда ипотека кредитлари учун ажратилаётган субсидияларнинг бир қисми фойдаланилмай қолаётганини тан олди.

«Бу масала ҳақиқатдан ҳам долзарб… Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган, жуда муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлаш учун бошқа методи керак. Биз бунинг устида алоҳида иш олиб боряпмиз. Субсидия улар учун эмас. Судсидиянинг асл мазмун-моҳияти ипотека кредити олиш учун уй учун биринчи тўловни қилиш имкониятига эга бўлмаган, лекин доимий даромадга эга бўлган оилаларга тегишли», — деди у.

Бош вазир ўринбосари уй-жой билан бепул таъминлаш масаласи кун тартибида эмаслигини таъкидлади.

«Агар бу оила муҳтож бўлса, ногиронлар бўлса, бу оиланинг даромади ўзи етарли эмас. Айрим ҳудудларда мутасаддилар учун субсидия қутилиш учун дастакка айланиб қолди. Масалан, бир бева-бечора келиб, уй сўраса, қўлига субсидияни тутқазиб юборади. Бу тўғри йўл эмас», — деди бош вазир ўринбосари.

2023 йилда ипотека субсидиялари учун қарийб 1 трлн сўм, 2024 йилда эса 1,5 трлн сўмга яқин маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.