12 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Янгихаёт туман суди пиёдани уриб юборган ҳайдовчига нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» Ўзбекистон Олий суди сайтига жойлаштирилган суд қарорини ўрганди.

Иш материалларига кўра, судланувчи Ш. П. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлигининг Молия, иқтисодиёт ва давлат-хусусий шериклик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. У 18 июль куни ҳибсга олинган.

Бахтсиз ҳодиса 4 июнь куни тахминан соат 20:30 да содир бўлган. Суд қарорида қайд этилганидек, ҳайдовчи маст ҳолатда Nexia русумли автомашинасини Янгиҳаёт тумани Давлатобод кўчаси бўйлаб 50−60 км/соат тезликда ҳайдаб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёда Л.O.ни уриб юборган.

Аёл шифохонага етказилган, бироқ жонлантириш бўлимида вафот этган. Тиббий экспертиза хулосасида унинг ўлимига оғир тан жароҳатлари, жумладан, ёпиқ бош мия жароҳати, мияга қон қуйилиши, кўкрак қафасининг шикастланиши, умуртқа поғонасининг синиши, 10 қовурға, орқа мия, ўпка, пастки оёқларнинг ёрилиши ва бошқа кўплаб жароҳатлар сабаб бўлгани айтилади. Экспертиза ўлимга тўқнашув сабаб бўлганини қайд этди.

Суд-автотехник экспертизаси хулосасига кўра, ҳайдовчи тормозни кескин босиб, авариянинг олдини олиш имкониятига эга бўлган.

Судда судланувчи 50−60 км/соат тезликда ҳаракатланиб кетаётиб, «дарахтлар ортидан чиқиб қолган» аёлни уриб юборган. Айбланувчининг айтишича, воқеа содир бўлганидан сўнг ундан 3−4 метр ўтиб тўхтаган. Аёлнинг нафас олаётганини кўриб, тез ёрдам чақиради ва жабрланувчини касалхонага юборади, ўзи эса воқеа жойида қолади.

Айбланувчи шунингдек, ЙТҲ содир бўлган жойда пиёдалар ўтиш жойи йўқлигини, у ҳодиса жойидан 100 метрча пастда бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, пиёдани кўриш ва авариянинг олдини олиш имкониятига эга бўлмаган. Шу билан бирга, ўша куни тушлик пайтида спиртли ичимлик истеъмол қилгани, аммо маст бўлмаганини таъкидлаган. Айбланувчининг сўзларига кўра, воқеа содир бўлганидан кейин ЙҲХХ ходимлари унга алкоголли мастлик тестини ўтказишни таклиф қилмаган, бироқ ўзи спиртли ичимлик истеъмол қилганини тан олган.

Шунингдек, унинг қариндошлари етказилган зарарни қоплаш учун суд департаментининг депозит ҳисоб рақамига 100 млн сўм ўтказиб, жабрланувчига ёрдам кўрсатганини айтди.

Эркак ўз айбига қисман иқрор бўлди, бироқ авариявий ҳолатда пиёданинг ўзи ҳам айбдор эканлигини кўрсатди. У суддан вояга етмаган фарзандлари борлигини, шунингдек, ойига 10 млн сўм тўланадиган ипотека кредити борлигини инобатга олиб, жазони енгиллаштиришни сўради.

Суд мажлисида марҳуманинг қизи сўзга чиқиб, онасидан бошқа яқин қариндоши йўқлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, агар судланувчи ҳақиқатан ҳам 50−60 км/соат тезликда ҳаракатланса, онаси бунчалик оғир тан жароҳати олмаган ва вафот этмаган бўларди. У 100 млн сўмни олишдан бош тортди ва судланувчини қонун доирасида жазолашни сўради.

Суд залида ИИББ ЙҲХХ инспектори ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилганини инкор этса-да, оғзидан алкоголь ҳиди келиб турганини айтди. Шундан сўнг, ходимлар судланувчини кўрикдан ўтказиш учун наркология клиникасига олиб кетишган. Бошқа бир ходим эса гуруҳда алкоголизатор йўқлигини маълум қилди ва ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келган-келмаганини билмаслигини айтди.

Суд қарорида қайд этилишича, судланувчининг воқеа содир бўлгунга қадар пиёдани кўрмагани ҳақидаги важлари бутунлай рад этилган, чунки тергов давомида у уни кўрганини, бироқ тормоз боса олмаганини айтган, шунингдек, йўлнинг ушбу қисми яхши ёритилган бўлган.

Судья Завқиддин Ярашев судланувчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.