Италия президенти Сержо Маттарелла 9−11 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Кун тартибидан Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон президентининг жорий йил июнь ойидаги Италияга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади. Саммит якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, президент Сержо Маттарелла Самарқанд ва Хива шаҳарларига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишади.

Ташриф ҳақида аввалроқ Италия ОАВлари хабар берган эди. Agenzia Nova Тошкент билан ҳамкорлик Италия учун, айниқса, мамлакатнинг Европа ва Узоқ Шарқ, шунингдек, Россия ва Хитой каби йирик минтақавий давлатлар ўртасидаги тарихий боғланиш минтақасида жойлашган стратегик мавқейи туфайли алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаганди.

«Шу нуқтаи назардан, Рим Ўзбекистонга Ғарб билан муносабатларни мустаҳкамлашда ёрдам бериши мумкин», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция президенти Эммануэл Макрон Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди.