Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида икки ёш никоҳ тўйини кутубхонада ўтказди. Бу ҳақда «Ренессанс ТВ» телеканалининг «Овоза» дастурида маълум қилинди.

Келин шаҳарнинг «Амири» кутубхонаси мудираси бўлиб ишлаган, йигит эса китоб ўқишга бу кутубхонага тез-тез ташриф буюриб турган. Шу ерда танишган икки ёш никоҳини ҳам кутубхонада ўтказишга қарор қилган.

«Ўқишдан бўш вақтларим шу ерга кўп келаман, китоб мутолаа қиламан. Бўлажак турмуш ўртоғимни шу кутубхонада 2023 йил июлда учратганман», — дейди куёв.

Лавҳада айтилишича, уларнинг ота-онаси ҳам бундан хурсанд бўлган.

«Фарзандим китобсевар. Ойлик олиши билан китоб сотиб олиб, шу ерга келиб ўқир эди. Келинимни ҳам шу ерда учратиб, бир-бирларига маъқул келибди. Тақдир экан, никоҳ жараёнида қатнашиб турибмиз», — дейди куёвнинг онаси.

Тадбирда Қўқон шаҳри ҳокими Маруф Усмонов ҳам иштирок этиб, ёшларга бахт тилаган.