Тошкент вилоятида Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги «Дархон» илмий-тажриба станцияси (дендропарк)да ноқонуний тарзда эгаллаб олинган бинолар суд қарори билан бузилмоқда. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳамда Экология вазирлиги бузиш жараёни акс этган видеони Telegram каналларига жойлади.

Октябрь ойида дендропаркда ноқонуний бинолар қурилгани ва қимматбаҳо дарахтлар кесилгани бўйича жиноят иши қўзғатилганди.

Жараёнда ҳудудда идоралар, турар жой бинолари ва мебель цехлари (улар 2017 йилдан буён қурилиб бошланган) ноқонуний қурилгани, 85 туп қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари кесиб ташлангани, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолишига олиб келингани аниқланган.

Қонунчиликка кўра, бундай хўжаликнинг ер фонди фақат капитал қурилиш ҳуқуқисиз ижарага ва фақат экология, ўсимликчилик ҳамда ўрмон хўжалиги ва экотуризмни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида берилиши мумкин.

Ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура Жиноят кодексининг 198- (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатган.