2023 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 31,5 млрд АҚШ долларни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,8 фоизни (давлат ташқи қарзи — 30,2 фоиз) ташкил этди. Шундан давлат ташқи қарзи — 25,9 млрд АҚШ доллар, давлат ички қарзи — 5,6 млрд АҚШ доллар. Ушбу маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бюджетномасида келтирилган.

Қайд этилишича, Халқаро валюта жамғармаси ўзининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботида Ўзбекистоннинг давлат қарзини «мўътадил» дея баҳолаган.

давлат қарзи

Бугунги кунда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этаётган бўлса, мазкур кўрсаткич 2020 йилда 39 фоизни, 2021 йилда 38 фоизни, 2022 йилда эса 36,4 фоизни ташкил этди.

давлат қарзи

Дастлабки таҳлилларга кўра, ўрта муддатда макроиқтисодий ҳамда фискал кўрсаткичларнинг барқарорлиги таъминланган шароитда, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2024 йилда 37,0 фоизни, 2025 йилда 37,4 фоизни, 2026 йилда 37,9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Бунда, давлат ташқи қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати ўртача 30 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

давлат қарзи

Давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш ва самарали бошқариш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ўрта муддатли истиқболда қуйидаги чоралар кўрилиши кўзда тутилган:

  • Давлат қарзи бўйича йиллик лимитларни белгилаш амалиётини давом эттириш;
  • миллий валютада қарз маблағларини жалб қилиш орқали валюта хатарларини камайтириш. Бунда, давлат ғазначилик облигацияларини чиқаришнинг чекланган соф ҳажмини 2024 йилда 25 трлн сўм этиб белгилаш;
  • энг мақбул харажат ва хатар кўрсаткичларига эга давлат қарзи портфелини шакллантиришга қаратилган ўрта муддатли давр учун давлат қарзини бошқариш стратегияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • давлат қарзини тўлашнинг ўртача муддатини узайтириш, шунингдек, давлат қарзини манбалар бўйича диверсификация қилиш;
  • давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни кенг жалб қилиш жараёнини жадаллаштириш;
  • давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ёки камайтириш;
  • давлат қарзига оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш.

Аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2022 йил учун давлат қарзи бўйича шарҳида мамлакат йил давомида қайси ташкилотлардан қанча ташқи қарз олгани ва қайси соҳаларга йўналтиргани бўйича маълумот берганди.