Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида 2022 йилда мамлакат қайси ташкилотлардан қанча ташқи қарз олгани ва қайси соҳаларга йўналтиргани бўйича маълумот берди.

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига давлат қарзи қолдиғи 29,2 млрд долларни ташкил этиб, 2022 йил давомида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 36,4 фоизгача пасайди. Давлат қарзи йил давомида 2,9 млрд долларга ошган бўлса-да, доллар ҳисобида ялпи ички маҳсулот тез суръатда, яъни 11,1 млрд долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган.

Давлат ташқи қарзи қолдиғи 2022 йилда 2,4 млрд долларга ошиб, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 25,9 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 32,25 фоизни ташкил этди. Шундан Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз 19,8 млрд доллар ёки давлат ташқи қарзининг 76,5 фоизи, Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз 6,1 млрд доллар ёки давлат ташқи қарзининг 23,5 фоизи ҳисобланади.

2022 йилда Ўзбекистон номидан умумий қиймати 4 млрд 486 млн доллар миқдоридаги 23 та ташқи қарз битими имзоланган. Маблағлар энергетика, аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация билан таъминлаш, автомобиль йўлларни ривожлантириш, темир йўл ва бошқа муҳим ижтимоий ва стратегик аҳамият касб этувчи лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб қилинган.

Маблағни нуфузли халқаро молия институтлари — Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги, Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки имтиёзли шартлардаги узоқ муддатли кредитлари ҳисобидан ажратган.

2022 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг

  • 33,4 фоизи (8,6 млрд доллари) давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга;
  • 11,6 фоизи (3,0 млрд доллари) электроэнергетика саноатига;
  • 10,9 фоизи (2,84 млрд АҚШ доллари) энергетика саноатига;
  • 9,8 фоизи (2,54 млрд доллари) қишлоқ ва сув хўжалигига;
  • 9,7 фоизи (2,51 млрд доллари) транспорт ва транспорт инфратузилмасига;
  • 8,9 фоизи (2,3 млрд доллари) уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, кредиторлар, ташқи қарз

Кредиторлар

Ўзбекистоннинг халқаро молиявий институтлардан жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 13,8 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 53,2 фоизини ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.
Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми

  • Осиё тараққиёт банки (6,0 млрд доллар);
  • Жаҳон банки (5,5 млрд доллар),
  • Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар);
  • Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (0,5 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига давлат ташқи қарзи қолдиғининг 9,5 млрд доллари ёки 36,8 фоизи тўғри келади.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, кредиторлар, ташқи қарз

Давлат ташқи қарзининг валюта таркиби

Ўзбекистон давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 75,7 фоизи АҚШ доллари, 8,1 фоизи Япония иенаси, 7,2 фоизи СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,8 фоизи Евро, 1,6 фоизи Ўзбек сўми, 2,6 фоизи бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, кредиторлар, ташқи қарз

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон консолидациялашган бюджет тақчиллигининг 47 фоизи халқаро молия институтларининг қарзлари ва еврооблигациялар чиқариш ҳисобидан, 18 фоизи давлат ғазна облигациялари чиқариш ҳисобидан қопланди. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 35 трлн 229 млрд сўмга етган.