Ўзбекистоннинг «Навоийуран» давлат корхонаси ва Хитойнинг China National Nuclear Corporation (CNNC) компанияси ўртасида уран саноати соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, деб хабар қилди Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги матбуот хизмати.

Навоий вилояти делегацияси Пекинда табиий уран саноатини ривожлантириш бўйича биринчи халқаро форумда иштирок этди. Ташриф доирасида CNNC вице-президенти Шэнь Яньфэн билан учрашув ташкил этилди ва у ерда ҳужжат имзоланди.

«Мулоқотлар давомида уран саноати билан боғлиқ бошқа инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди», — дейилади хабарда.

Ташриф давомида Геология вазирлиги ва Навоий вилояти вакиллари гидротермал уран конидаги ерости рудаларини қазиб олиш ва уран таркибидаги рудаларни уюм билан қайта ишлаш фаолияти билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, «Навоийуран» Навоий кон-металлургия комбинатидан ажралиб чиққандан кейин — 2022 йилдан буён уран қазиб олиш билан шуғулланади. Компания 2022−2030 йилларда ишлаб чиқаришни икки баробарга — йилига 7100 тоннагача оширишни режалаштирмоқда.

Бундан бир неча кун аввал тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов уран ишлаб чиқаришнинг мавжуд ҳажмлари аллақачон савдо бозорларини топганини қайд этганди. Ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми ошгани сари Ўзбекистон нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиш тўғрисида қарор қабул қилади, дея қўшимча қилган у.