Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити ўтказилиши сабабли 8−10 ноябрь кунлари айрим автобус йўналишларининг фаолиятига ўзгартиришлар киритилади, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Компания раҳбари Анвар Жўраев «Газета.uz»га бошқарма мутахассислари томонидан ушбу кунларда жамоат транспорти учун айланма йўллар схемалари тайёрланаётганини маълум қилганди.

Хусусан, Ислом Каримов кўчасининг Фурқат кўчасидан Олмазор кўчасигача бўлган қисми автомобиллар ҳаракати учун тўлиқ ёпилиши сабабли қуйидаги йўналишлар:

  • 51-сонли йўналиш ҳаракати Ислом Каримов кўчасидан Афросиёб, Бешёғоч, Фурқат кўчалари орқали вақтинчалик ўзгартирилади;
  • 141-сонли йўналиш ҳаракати Қоратош кўчасидан Фурқат, Алишер Навоий, Олмазор кўчалари орқали вақтинчалик ўзгартирилади;
  • 196-сонли йўналиш ҳаракати Афросиёб кўчасидан Бешёғоч, Фурқат, Алишер Навоий кўчалари орқали, кейинги ҳаракати ўз йўналиши бўйича ташкил этилади.

жамоат транспорти, иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти
Харита: «Тошшаҳартрансхизмат»

Қайд этилишича, тадбир иштирокчиларининг белгиланган манзилларгача ҳаракатланиши жараёнида қуйидаги йўналишларда оралиқ интервал вақтлари ва қатнов вақтларининг ортиб кетиш ҳолатлари юзага келиши мумкин:

  • Бобур кўчаси орқали ҳаракатланувчи 11, 40, 45, 47, 67, 76, 77, 94-сонли автобус йўналишларида;
  • Нукус кўчаси орқали ҳаракатланувчи 2, 12, 80, 81, 97, 127, 196-сонли йўналишларда;
  • Ойбек кўчаси орқали ҳаракатланувчи 57, 67-сонли йўналишларда;
  • Афросиёб кўчаси орқали ҳаракатланувчи 13, 196-сонли йўналишларда;
  • Шароф Рашидов кўчаси орқали ҳаракатланувчи 30, 37, 57, 85, 97, 140-сонли йўналишларда;
  • Ислом Каримов кўчаси орқали ҳаракатланувчи 1, 19, 21, 51, 60, 67, 85-сонли йўналишларда;
  • Алишер Навоий кўчаси орқали ҳаракатланувчи 28, 30, 37, 44, 46, 57, 68, 78, 89, 91, 97, 115, 140-сонли йўналишларда.

жамоат транспорти, иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти
Харита: «Тошшаҳартрансхизмат»

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ)нинг аниқлик киритишича, кортеж ўтаётганда пиёдалар, велосипедчилар ва скутердаги одамлар йўлни кесиб ўта олмайди, бироқ пиёдалар йўлакчасида ҳаракатланишлари мумкин бўлади.

ЙҲХБ, шунингдек, «аҳоли ҳаракатланиши хавфсизлиги ички ишлар органлари хизматлари томонидан кучайтирилишини» таъкидлади. ППХ ва ЙПХ ходимлари ҳам кучайтирилган режимда ишлайди.

Uzbekistan Airports йўловчилар ва ҳамроҳлик қилувчи шахсларга ёпиқ кўчалар ҳамда Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи айланма йўллар кўрсатилган харита билан танишиб чиқишни сўради. Шунингдек, парвозларга кечикмаслик учун аэропортга одатдагидан вақтлироқ жўнашни тавсия қилди.

жамоат транспорти, иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти
Харита: Uzbekistan Airports

Транспорт вазирлигининг қўшимча қилишича, заруриятдан келиб чиққан ҳолда йўловлар ташиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида йўналишлар ҳаракатига қўшимча ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 8−10 ноябрь кунлари Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Унда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия раҳбарлари иштирок этади.