8 ноябрда Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Душанба, сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудуди илиқ ва бироз нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади.

Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида бугун кундузи баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +19…+24 даража атрофида бўлади. Ҳафта ўртасида ҳаво ўзгаради.

8 ноябрда ҳудуднинг катта қисмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 9 ноябрда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиши сақланиб туради.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ёғади. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин. 10 ноябрда республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди.

8−10 ноябрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши мумкин. 8−9 ноябрда ҳарорат +13…+18 даражагача аста-секин пасаяди, 10 ноябрда +15…+20 даража бўлади. 10 ноябрга келиб, ҳарорат кечаси +3…+6 даражагача пасаяди.

Тошкент шаҳрида 6−7 ноябрь кунлари ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +20…+23 даража илиқ бўлади. 8 ноябрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. 9 ноябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Бу кунларда ҳарорат +14…+16 даражагача аста-секин пасаяди.

10 ноябрда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +16…+18 даража бўлади, кечаси +3…+6 даражагача пасаяди.