2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга берилflb. Тегишли қарор президент томонидан 24 октябрь куни имзоланди.

«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг таркибига кирувчи корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелга қадар алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилади:

  • ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар орқали сув етказиб бериш ҳамда сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар билан боғлиқ бўлган сув объектларини ривожлантириш, шунингдек, эксплуатация қилишни таъминлаш бўйича ташкилот;
  • ичимлик сув тармоқлари орқали ва транспортда истеъмолчиларга сув етказиб бериш, оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш, тегишли тармоқларни ҳамда оқова сув тизимларини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бўйича акциядорлик жамияти шаклида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари.

Ҳужжатга кўра, ичимлик суви таъминоти ва оқова хизматлари учун тарифлар ишлаб чиқариш таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш харажатлари, молиявий харажатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Янги объектлар ва ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимларини лойиҳалашда тегишли ҳудуднинг тўлиқ қамраб олиш даражасини ҳисобга олиш талаби белгиланади.

2024 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

  • Ичимлик суви етиб бориш қийин бўлган 813 та ҳудуд ичимлик суви билан таъминланади;
  • 124,7 мингта хонадон тўғридан-тўғри ичимлик суви тармоқларига уланади;
  • 130 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминоти давлат ижтимоий буюртмаларини бериш йўли билан амалга оширилади;
  • 792 минг истеъмолчи ичимлик суви ҳисоблагичлари билан жиҳозланади.

Ҳужжатда ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳалар доирасида харид қилинадиган махсус техникалар, ускуналар ва транспорт воситалари 2027 йил 1 январга қадар утилизация йиғимидан озод этилиши ҳам назарда тутилган.