Пойтахтдаги Бобур кўчаси ва «Тошкент» халқаро аэропортини боғловчи йўл ўтказгичнинг биринчи босқич қурилиш-монтаж ишлари якуни бўйича синов ўтказилди, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Синовга кўра 4 та автотрейлерга (ҳар бири 35 тонна) 4 та ҳарбий танк (ҳар бири 40 тонна) юкланиб йўл ўтказгичга умумий 300 тонна юклама берилди.

«Синов натижаларига кўра йўл ўтказгич эксплуатация давридаги юкламага нисбатан кўпроқ юкламага муваффақиятли бардош берди ва мустаҳкам эканлигини исботлади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь кунидан Тошкент халқаро аэропорти ва Бобур кўчасини боғловчи кўприк йўлини таъмирлаш ишлари доирасида йўл ўтказгич автобуслар ва юк транспорти ҳаракати вақтинчалик чекланган эди.

Йўл ўтказгични реконструкция қилиш 2024 йил декабрига қадар давом этади.