Ўтган ҳафта пойтахтда «III Тошкент Аксилкоррупция форуми» бўлиб ўтди. У Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури, АҚШнинг Давлат департаменти Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бюроси, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, «Минтақавий Мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форум доирасида «Газета.uz» мухбири Баҳодир Абдуллаев Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхановдан коррупциявий жиноятларни фош этаётганларни ҳимоя қилиш учун қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўради.

«Биз 2021 йилда қонунчиликка коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритгандик. Бунда уларни ҳимояга олиш, маълумот бергандан сўнг уларни рағбатлантириш механизмларини ҳам жорий қилгандик. Бугун кўриб турибмизки, барибир журналистлар томонидан масалаларни кўтаришда хавф бўлиши мумкинлигини инобатга олиб замон уларни яна ҳам ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни талаб этяпти», — деди Акмал Бурханов.

«Шундан келиб чиқиб биз бугунги кунда янги қонун лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз. Яъни коррупция бўйича хабар берганларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни режалаштирганмиз. Бу қонун билан биз уларни ҳимоя қилиш тартибларини, керак бўлганда уларнинг шахсини сир сақлаш ва бошқа масалаларни тартибга соламиз», — дея қўшимча қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори.

Шунингдек, Акмал Бурханов журналистлар бугунги кунда турли суриштирувлар ўтказиш орқали коррупциянинг янги кўринишларини очиб беришда агентликка ёрдам бераётганини, агентлик буларни ўрганаётгани ва мазкур ҳолатлар жиноят сифатида эътироф этилётганини қайд этганди.

Маълумот ўрнида, 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун билан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлиши белгиланганди (илгари фақат хабар берган шахслар назарда тутилган).

Амалдаги Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун коррупциявий ҳолатлар бўйича хабар берганларни қуйидагича ҳимоя қилишни назарда тутади:

  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади.
  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахснинг ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилади.
  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларнинг ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг ҳаётига ва соғлиғига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганлигини, уларнинг мол-мулки йўқ қилинганлигини ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганлиги сабабли тажовуз қилишга, шунингдек иш берувчи томонидан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек, 2022 йилда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ҳам кучга кирган. Унда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган.