Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади. У Қонунчилик палатаси томонидан 2 мартдаёқ қабул қилинганди, Сенат эса 28 майда маъқуллаб берганди. Қонун орадан 3 ой ўтгач кучга киради.

Давлат раҳбари ҳужжатга яқинда давлат хизмати соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш 30 йилга қолдирилганини таъкидлаган йиғилишдан кейин имзо чекди. «Ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ», — деганди у. Шу билан бирга, президент қонун икки йил давомида «чуқур муҳокамалар асосида» маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилганини айтганди.

Қонун кимларга қўлланилади?

Давлат фуқаролик хизмати деганда «давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушинилади».

Қонуннинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. У президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.

Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • Давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги;
  • қонунийлик;
  • адолатлилик;
  • халққа хизмат қилиш;
  • давлат органларининг ва мансабдор шахсларининг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги;
  • инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
  • очиқлик ва шаффофлик;
  • холислик, профессионаллик ва компетентлик;
  • давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги;
  • давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши.

Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланмоқда. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.

Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.

Мақом, ҳуқуқ, мажбуриятлар ва чекловлар

Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчиси (ДФХ) ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади. ДФХ лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва чекловлар алоҳида қонунчилик билан белгиланади.

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусияти ва мураккаблигига, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;
  • касбий компетенциялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантириш;
  • давлат органининг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан мунтазам равишда малакасини ошириб бориш;
  • меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш;
  • ўз мансаб ваколатларини, хизмат мажбуриятларини ва жавобгарлигини белгиловчи лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш;
  • давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш;
  • ДФХдаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар берган тақдирда давлат ҳимояси билан таъминланиш;
  • ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат органининг раҳбарияти ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳурмат қилиниши.

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга мажбур:

  • Конституцияга ва бошқа ҳужжатларга риоя қилиш;
  • ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, давлат органи томонидан белгиланган одоб-аҳлоқ қоидаларига, хизматга оид ахборот билан ишлаш тартибига, шунингдек давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бошқа қоидаларга риоя этишга;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлишга;
  • давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини виждонан юажаришга шубға туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан), шу жумладан ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилишга;
  • ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, шунингдек ўз хизмат фаолиятига, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқароларнинг фаолиятига қонунга хилоф таъсир кўрсатилишига йўл қўймасликка;
  • давлат сирларини ёки қонун билан кўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги талабларга риоя этиши. шунингдек, ўз хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида олинган мазкур маълумотларни ошкор қилмаслиги, шу жумладан давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугаганидан кейин ошкор этмасликка;
  • қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этишга;
  • давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланишга;
  • ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб боришга.

Қонун билан давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра, ДФХ қуйидагиларга ҳақли эмас:

  • ўзаро яқин қариндошликка ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат оранида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
  • педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон қонунларида ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;
  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
  • тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан АЖларнинг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;
  • ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;
  • ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;
  • чет давлат фуқаролигини олишга;
  • қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;
  • Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;
  • ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмалари ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс давлат хизматига қабул қилингандан кейин тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

ДФХ шуғулланиши мумкин бўлмаган пуллик фаолият турларининг рўйхати коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари ва давлат фуқаролик хизмати томонидан белгиланади.

Белгиланган чекловларга риоя қилмаслик ДФХни интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асосдир.

Қонун давлат фуқаролик хизматчисининг жавобгарлигини белгилайди. ДФХнинг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги қонунга мувофиқ давобгарликка сабаб бўлади.

ДФХнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлди деб ҳисобловчи жисмоний ёки юридик шахс бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

ДФХнинг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланиб, ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган ДФХдан ундириб олинади.

Давлат органи раҳбарининг ёки мансабдор шахсларининг қонунга хилоф топшириғини бажариш натижасида ДФХ томонидан етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланади. Зарар миқдори қонунга хилоф топшириқни берган давлат органи раҳбаридан ёки мансабдор шахсидан регресс тартибида ундирилади.

Коррупцияга қарши кураш

Қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Улар қаторига ДФХ ахлокий хулк-атвор қоидаларига риоя қилиш, ДФХ манфаатлар тўқнашувининг олди олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматлари учун совғалар олиш ва тақдим этиш тартибини белгилаш, ДФХ ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти ва рағбатлантиришни таъминлаш киради.

«Давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт», — дея талаб қўйилган қонунда.

Агар ДФХ коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан юқори турувчи давлат органини (мансабдор шахсини) ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органига дарҳол хабар қилиши ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак. Коррупция ҳақида хабар берган ДФХ давлат ҳимоясида бўлади.

Давлат хизматчиларининг ахлоқий хулқ-атвори қоидалари қонун билан белгилаб қўйилмоқда. Қоидаларга асосланиб, ҳар бир давлат органи фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ахлоқий хулқ-атворнинг ички қоидаларини тасдиқлайди. Уларда қуйидагилар бўлиши керак:

  • раҳбарлар, бўйсунувдагилар ва бошқа давлат фуқаролик хизматчилари ўртасидаги ўзаро аҳлоқий муносабатлар;
  • ДФХнинг ишчанлик обрўсига ва давлат фуқаролик хизматининг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик);
  • ДФХнинг хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидалари.

ДФХнинг одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиш уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Ҳужжатда шунингдек, давлат фуқаролик хизматида совғаларга нисбатан муносабатда бўлиш шартлари қайд этилган. ДФХга (унинг оила аъзоларига) бепул берилган, моддий қимматга эга бўлган мол-мулк ёки ДФХга (унинг оила аъзоларига) беғараз кўрсатилган хизмат совға деб ҳисобланади.

«Давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиш тақиқланади. Бундан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори асосида олинган совғалар, шунингдек, мусабақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғалар мустасно», — дейилади қонунда.

ДФХ фуқаролик хизматчилари хизмат сафарлари вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.

ДФХ томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Қонунга асосан манфаатлар тўқнашуви давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз хизмат ваколатларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёҳуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда фуқароларнинг, жамиятнинг ёки давлат органининг шахсий манфаатдорлиги ва ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари ёки юқори турувчи орган ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал этиш тартиби қонун билан белгиланади.

Бундан ташқари, қонунда ДФХ белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланади ва махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади. ДФХ лавозимларининг давлат реестри, шунингдек, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

ДФХ лавозимларининг давлат реестри орган даражасидан (миллий, республика, ҳудудий ва туман) келиб чиққан ҳолда, малака талабларига мувофиқ бирхиллаштирилган ва таснифланган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари ҳамда тоифаларидан, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг малака даражаларидан иборат бўлади.