2024 йилда Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга нефть хомашёси етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу 2023 йилнинг 3 ноябрь куни Москвада имзоланган уч томонлама ҳужжатда қайд этилган, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги.

Ҳужжатни Россия Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари П.Сорокин, Ўзбекистон Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари А.Ахмедхаджаев ва Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Э.Аккенженов имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, келишувни амалга оширишда «Омск — Павлодар — Чимкент — Шагир» нефть қувури орқали юк ташишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шартномада томонларнинг узоқ муддатли асосда 2024 йилда ва кейинги йилларда нефть хомашёси етказиб беришни 1 миллион тоннага етказиш бўйича тижорат шартномаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши белгилаб қўйилган. Жумладан, нефть хомашёсининг ўзаро мақбул нархини келишиш ҳамда унинг ҳажмини оширишни ҳисобга олган ҳолда, томонларнинг мамлакатлари ҳудуди бўйлаб нефть хомашёсини тўлиқ ҳажмда тўсқинликсиз ташиш таъминланади.

Шунингдек, ушбу шартнома қуйидаги мақсадларни амалга оширишга имкон беради:

  • 2023 йилнинг 6−7 октябрь кунлари бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида уч Давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувни тезкорлик билан амалга ошириш;
  • транспорт харажатларини ҳисобга олган ҳолда, темир йўл орқали етказиб беришга нисбатан арзонроқ бўлган нефть қувурлари таъминотини ривожлантириш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳамда чегарадош ҳудудларнинг нефть қувурлари инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • нефть хомашёси билан барқарор таъминлаш ва мамлакатимизда юқори сифатли бензин ҳамда бошқа ёқилғи-мойлаш материалларини ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши муносабати билан Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлашга ихтисослаштирилган иккита заводнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш;
  • бензин ишлаб чиқаришнинг кўпайиши Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ҳам кенгайтириш имконини яратади. Бу эса хизмат кўрсатиш ҳамда ёқилғи сотиш географияси бўйича аҳолига сифат жиҳатидан янги хизматлар кўрсатиш имконини беради;
  • Россия нефть хомашёсининг барқарор таъминоти мавжуд нефтни қайта ишлаш қувватларини модернизация қилишга, шунингдек, янгиларини қуриш ва юқори қўшимча қийматга эга экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ёрдам беради.

Аввалроқ Қозоғистон Ўзбекистонга маълум шартлар асосида нефть етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини ўрганишга тайёр эканини хабар қилганди.

Йил бошида Ўзбекистон Россия билан 300 минг тонна Россия нефтини етказиб бериш бўйича келишиб олган эди. «КазТрансОил» март ойида Ўзбекистонга 250 минг тонна Россия нефтини ташиш режасини эълон қилган эди, бироқ август ойида прогноз 180 минг тоннагача камайтирилди. Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга Қозоғистон орқали транзит йўлда 48,5 минг тонна Россия нефти етказиб берилган бўлса, иккинчи ярим йилликда 131,5 минг тонна импорт қилиш режалаштирилган.

2022 йилда Қозоғистон Ўзбекистонга 87 минг тонна, жорий йилнинг 9 ойида, гарчи 2023 йилда 300 минг тонна етказиб бериш режалаштирилган бўлсада, 46 минг тонна нефть экспорт қилди. Бу Қозоғистон нефтининг Россия томонидан сиқиб чиқарилишидан далолат бериши мумкин. Қозоғистон ҳудуди орқали 300 минг тонна Россия нефтини транзит қилиш бўйича келишувга мувофиқ, йил бошидан буён Ўзбекистонга 79 минг тонна етказиб берилди.

6 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида нефть етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, нефть маҳсулотларини темир йўл орқали етказиб тўғрисидаги битимлар имзоланганди.