Қозоғистон Ўзбекистонга маълум шартлар асосида нефть етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини ўрганишга тайёр. Бу ҳақда чоршанба куни Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Ерлан Аккенженов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Ўзбекистон томони Хитой ёки бошқа хорижий давлатларга қараганда яхшироқ нарх ва шартларни таклиф қилса, етказиб бериш ҳажмини оширишни кўриб чиқишга тайёрмиз. Қолаверса, бу масала ўзбекистонлик ҳамкасблар ва Қозоғистоннинг ер қаъридан фойдаланувчилари билан аллақачон муҳокама қилинган», — деди у.

Вазир ўринбосари Россия нефти Ўзбекистон бозорида қозоқ нефтини сиқиб чиқараётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Бу ёлғон. Айни пайтда Ўзбекистонга 87 минг тонна Қозоғистон нефти ташилмоқда. Таъминот шартларини яхшилаш бўйича келишиб олсак, шунга мос равишда ҳажм ҳам ортади. Қозоғистон нефтини бошқа йўналишлардан жўнатишимиз мумкин бўлади. Ҳақиқатан ҳам Россия нефти етказиб берилмоқда, аммо улар бизнинг қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳажмидан анча паст», — деди Ерлан Аккенженов.

Аниқлик киритилишича, Ўзбекистон йўналиши бўйича нефть етказиб бериш Шағир (Чимкент) ва Қасимов нефть насос станциясидан (Атирау) амалга оширилади.

Россиянинг «Ведомости» нашри Россия нефти Қозоғистон нефтини Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқараётгани ҳақида хабар берган эди. Жорий йил иккинчи чорагида лойиҳа қуввати йилига 5,5 млн тонна нефтни ташкил этувчи Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи йўналиши бўйича Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия нефтининг қувурлар орқали транзити жорий йилнинг биринчи чорагига нисбатан қарийб 4 баробар ошди ва 37,9 минг тоннага етди.

Россия экспортининг бир қисми темир йўл орқали амалга оширилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида Россия темир йўл орқали Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 баробарга ошиб, 1,2 млн тоннага етказди. Бунда умумий ҳажмнинг атиги 0,6 фоизини хом нефть, 28 фоизини бензин, 20,8 фоизини ёқиш мазути ташкил этди, деди Табиий монополиялар муаммолари институтининг юк ташиш тадқиқот бўлими раҳбари Александр Слободяник.

Йил бошида Ўзбекистон Россия билан 300 минг тонна Россия нефтини етказиб бериш бўйича келишиб олган эди. «КазТрансОил» март ойида Ўзбекистонга 250 минг тонна Россия нефтини ташиш режасини эълон қилган эди, бироқ август ойида прогноз 180 минг тоннагача камайтирилди. Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга Қозоғистон орқали транзит йўлда 48,5 минг тонна Россия нефти етказиб берилган бўлса, иккинчи ярим йилликда 131,5 минг тонна импорт қилиш режалаштирилган.

2022 йилда Қозоғистон Ўзбекистонга 87 минг тонна, жорий йилнинг 9 ойида, гарчи 2023 йилда 300 минг тонна етказиб бериш режалаштирилган бўлсада, 46 минг тонна нефть экспорт қилди. Бу Қозоғистон нефтининг Россия томонидан сиқиб чиқарилишидан далолат бериши мумкин. Қозоғистон ҳудуди орқали 300 минг тонна Россия нефтини транзит қилиш бўйича келишувга мувофиқ, йил бошидан буён Ўзбекистонга 79 минг тонна етказиб берилди.

6 октябрь куни Россия ва Ўзбекистон нефть етказиб бериш, шунингдек, темир йўл орқали нефть маҳсулотларини етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди. Мазкур ҳужжат Россия президентлари Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича имзоланди. Кутилаётган таъминот ҳажми аниқланмаган.