3 ноябрь куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин содир бўлди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Жарқўрғон 3-берк кўчаси 163-уйда жойлашган корхонада ёнғин бўлаётгани тўғрисидаги хабар ФВБга соат 10:40 да келиб тушган.

Шунга кўра, 8 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса рўй берган ҳудудга 5 дақиқада етиб борган. Ёнғинни қуршаб олишга салкам 40 дақиқа вақт кетган. Орадан ярим соат ўтиб, соат 11:54 ёнғин батамом ўчирилган. Келтирилган зарар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Ҳодиса оқибатида фуқаролар жароҳат олгани ва ҳалок бўлгани тўғрисида хабар келиб тушмади, воқеа жойига шаҳар ва туман ФВБ раҳбар ходимлари чиққан, дейилади хабарда.