3 ноябрь куни Тошкентда Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлган икки нафар собиқ амалдорга нисбатан апелляция инстанциясида суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра, 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмнинг Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ туман ФВБ собиқ бошлиғи Анвар Курязовга оид қисми бекор қилинди. Улар Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128−1-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд қукми эълон қилинган куннинг ўзида АОКАда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов ва бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова ҳукм юзасидан брифинг ўтказиб, чиқарилган суд ҳукми бўйича тушунтириш берди. Унда «Газета.uz» мухбири ҳам қатнашди.

меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, номусга тегиш, суд ҳукми, хоразмлик амалдорлар

«Олий Суд пленуми алоҳида қарор ҳам қабул қилиб, номусга тегиш жиноятлари тасдиғи берилган ва шунда зўрлик, қўрқитиш, жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиш тушунчаларига таъриф берилган. Қўшимча процессуал ҳаракатлар ўтказилганда икки нафар судланувчининг ҳаракатларида зўрлик, қўрқитиш, жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиш ва шу орқали улар билан жинсий алоқа қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмади. Бизнинг фикримизча, тергов органи битта судланувчига 135-модданинг 3-қисми „а“ банди билан унинг ҳаракатлари тўғри малакаланган», — деди бош прокурор ўринбосари, Адлия катта маслаҳатчиси Светлана Артикова.

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов эса икки мансабдорнинг ҳаракати ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини айтиб ўтди.

«Жиноят қонунига кўра, Машарипов билан Курязовнинг айбига эълон қилинган 128-модданинг биринчи қисми ва 128−1-модданинг 1-қисми ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради ва ҳар иккала модда бўйича озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бугунги кунда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан уларга қонунда белгиланган жазонинг максимал миқдори тайинланган. Жиноят кодексининг 59-моддасида бир неча жиноятлар учун тайинланган жазонинг енгилини оғирроғи билан қоплаш, қисман ва тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил жазо тайинланиши мумкин. 59-модданинг 2-қисмида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган бир неча жиноят учун шахсга тайинланадиган жазо ўша моддада назарда тутилган жазодан ошиб кетмаслиги қайд қилинган. Шу сабабли, суд 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади», — деди Олий суд раиси ўринбосари.

2023 йил 11 апрелда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунлар ўзгартирилди. Унга кўра, жиноят кодексидаги жазо миқдорлари оғирлаштирилган. Бироқ суд мазкур қонунни Машарипов билан Курязовга қўллаш имконияти чекланган, сабаби, шахснинг жиноий жавобгарлиги шахснинг жиноят қилинган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланиши қайд этилган. Улар жиноятни ҳозрги қонундан олдин содир қилган. Қонун унинг ҳам манфаатини ҳимоя қилади. Шу боис жазо эски таҳрирдаги қонун билан тайинланди, дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Икром Муслимов Тошкент шаҳар суди чиқарган ҳукм сўнгги нуқта эмаслигини, томонлар протест келтириши мумкинлигини эслатди.

«Тошкент шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳукм, бу — охирги нуқта қўйилган ҳукм эмас. Иш бўйича судланган, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва жавобгарлар суд қароридан норози бўлса, шикоят ёки прокурорга протест келтириш ваколатига эга. Бу иш Олий суднинг кассация инстанциясида кўриб чиқилади. Шу сабабли, бугунги брифингда айтилаётган гаплар иш бўйича якуний қарор дегани эмас», — дея таъкидлади Олий суд раиси ўринбосари.