2 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида кутиб олувчилар учун кутиш зали очилди. Умумий майдони 500 кв.м бўлган алоҳида павильон келиш зали ёнидаги P2 автотураргоҳида жойлашган, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Павильонда кутиб олувчилар учун ўриндиқлар мавжуд бўлиб, яқин кунларда кафе ва гул дўкони очилади ҳамда савдо автоматлари, банкоматлар, мобил қурилмалар учун зарядлаш пунктлари ўрнатилади.

uzbekistan airports, аэропорт, кутиш зали

«Айтиш жоизки, қурилган павильон вақтинчалик ечим ҳисобланади. Айни пайтда мавжуд терминални кенгайтириш лойиҳасини ишлаб чиқиш якуний босқичда бўлиб, у ерда кутиб олувчи ва кузатувчилар учун барча шароитлар яратилади», — дейилади хабарда.

uzbekistan airports, аэропорт, кутиш зали

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan airports февраль ойида аномал совуқлар туфайли ҳукумат аэропортларга кутиб олувчиларни терминал биноларига киритишга рухсат берганида 2 та кутиб олиш зонаси қуриш режасини эълон қилганди. 2018 йилда қурилган учиб келиш зали халқаро стандартларга жавоб бермайди, у ерда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Кўп ўтмай бошланган қурилиш ишлари ҳеч қандай изоҳларсиз бирдан тўхтатилган.

Ўзбекистондаги аксарият аэропортлар, жумладан, Тошкент аэропортининг маҳаллий терминали ҳам кутиб олиш жойларисиз ишлашда давом этмоқда. Одамлар ҳар қандай об-ҳавода келувчиларни ташқарида кутишга мажбур.