Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Франция бизнес форумида Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Франциянинг «Airbus Helicopters» компанияси раҳбарияти билан учрашди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Музокара давомида Республика тез тиббий ёрдам тизими учун 10 та Airbus Н-145 русумли тиббий вертолётларни харид қилиш ва Европа стандартларига мос тиббий авиация хизматини ташкил этиш муҳокама қилинган.

Томонлар бу соҳанинг моддий-техника базасини яратиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш, тоғли ва чекка ҳудудларда тиббий авиация хизматини ташкил этиш механизмларини ишлаб чиқиш истиқболларини кўриб чиққан.

ссв, тиббий вертолёт, франция

Бундан ташқари, форум доирасида вазир ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов биологик ва онкологик препаратларни шартнома асосида ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича хизматлар кўрсатувчи «Boehringer Ingelheim» компанияси раиси Кристиан Вижсен билан музокаралар олиб борган.

Мулоқот давомида респиратор, юрак-қон томир ва онкологик хасталиклар, ОИВ, тромбоэмболиялар, цереброваскуляр касаллик, қандли диабет, гепатит ҳамда Паркинсонни даволашга мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқарувчи мазкур компания раҳбарияти билан маҳаллийлаштириш имкониятларини чуқур ўрганишга келишиб олинган.

Форум давомида ССВ раҳбарияти тиббий кислород генераторлари, тиббий газ қурилмалари ва тизимларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Газ систем» компанияси раиси Жан Эдуард билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини ҳам кўриб чиққан.