Қозоғистон ҳукумати Фаластин халқига инсонпарварлик ёрдами учун 1 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда 3 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.

«Ҳозир атрофимиздаги вазият оғир. Шимолда Россия ва Украина ўртасида, Яқин Шарқда — Исроил ва Фаластин ўртасида можаро давом этмоқда. Афғонистонда эса беқарорлик. Ғарбда ноқонуний миграция муаммоси тобора кучайиб боряпти. Бугун Ғазо секторидаги тинч аҳоли, айниқса, болалар ва қариялар қарама-қаршилик қурбонига айланмоқда. Асосий вазифа — уларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Шу муносабат билан мен Фаластин халқига 1 миллион доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатишга қарор қилдим», — деди Қозоғистон раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, «ўнлаб йиллар давомида ҳал этилмаган долзарб муаммоларни зўравонлик ва террористик ҳаракатлар орқали ҳал қилиш мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат».

«Қозоғистон бундай усулларни кескин қоралайди. Вазиятнинг кучайиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан биз ҳар қандай низоларни фақат тинч музокаралар ва дипломатик мулоқот йўли билан ҳал қилишга чақирамиз… БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини қатъий бажариш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш муҳим», — деди Тоқаев.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Фаластин халқига 1,5 миллион доллар миқдорида ёрдам ажратилишини маълум қилганди. Давлат раҳбари, шунингдек, Фаластин-Исроил можаросида ўт очишни тўхтатишга чақирган ва «икки халқ учун икки давлат» тамойилини ёқлашини билдирган.