Покистон ҳукумати афғон қочқинларини ҳибсга олиш ва Афғонистонга депортация қилиш кампаниясини бошлади, деб ёзмоқда The Guardian. Бир ой олдин Исломобод барча ноқонуний муҳожирларга Покистонни ихтиёрий равишда тарк этишни буюрган эди. Топшириқни бажариш муддати 1 ноябрга ўтар кечаси тугади.

«Бизда Покистонда ноқонуний бўлганлар ҳақида маълумотлар бор. Биз эшикма-эшик юриб, геозондлаш ишларини ўтказдик. Уларни ушлаб, депортация қиламиз. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, пойтахтда ҳам ўнлаб ҳибсга олинганлар бор», — деди Покистон ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сарфраз Бугти.

Покистоннинг иммиграция сиёсатини қатъийлаштиргани сабабли камида 200 минг киши аллақачон Афғонистонга қайтган, дейди Бугти.

BBC`нинг қайд этишича, афғонларга кўра, полиция махсус виза (Special Immigrant Visas) олишга муваффақ бўлган ва Покистонда қонуний қочқин ҳисобланганларни ҳам ҳибсга олмоқда. Нашр маълумотларига кўра, 2 ноябрь куни минглаб одамлар Покистон ва Афғонистон чегарасида, Балужистон вилоятида тўпланишган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Amnesty International Покистоннинг «ноқонуний» хорижий фуқароларни депортация қилиш режасини танқид қилди. БМТ ҳам мамлакат ҳукуматини «инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалокат»нинг олдини олиш учун афғонларни депортация қилишни тўхтатишга чақирди.

«Биз депортацияга учраганларнинг кўпчилиги Афғонистонга қайтарилса, инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва қамаш, қийноқлар, шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабатга дучор бўлиш хавфи остида қолади деб ҳисоблаймиз», деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси сўзловчиси Равина Шамдасани.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Покистонда икки миллиондан ортиқ ҳужжатсиз афғон истиқомат қилади, улардан камида 600 минг нафари «Толибон» 2021 йил августида ҳокимиятга қайтганидан кейин келган.