Германиянинг Франкфурт-Майн суди россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланиб, тергов доирасида олиб қўйилган мол-мулкни сақлаб туришни тақиқлади. Бу ҳақда тадбиркорнинг матбуот хизмати хабар берди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Суд Бош прокуратуранинг Усмоновга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида олиб қўйилган ҳужжатлар ва мол-мулкни сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорини ноқонуний деб топди ва уларни эгаларига қайтаришни белгилади.

2022 йилнинг кузида прокуратура ва федерал жиноят полицияси департаменти ходимлари Усмоновга алоқадор бўлган объектларда қатор тинтувлар ўтказган. Тинтувлар Тегернзе кўлидаги виллада ва «Дилбар» (Dilbar) яхтасида, шунингдек, Франкфурт-Майн яқинидаги бизнесменнинг дўсти оиласининг квартирасида ўтказилган.

Май ойида Франкфурт суди Усмоновга нисбатан пул ювиш бўйича тергов доирасида тўртта қидирув эълонини бекор қилган. Суд тинтувлар етарлича асосланмаган деган хулосага келган. Шундан сўнг Усмоновнинг адвокатлари тинтув чоғида олиб қўйилган мол-мулкни эгаларига қайтариб беришни талаб қилиб, ариза берган.

Россиянинг Украинага бостириб кирганидан кейин Алишер Усмонов бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари Европа Иттифоқи, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада, Австралия ва бошқа давлатлар томонидан санкцияларга учраган.

Германия расмийлари Усмоновни пул ювиш, санкцияларга риоя қилмаслик ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилмоқда. Маълум қилинишича, миллиардер иши бўйича тинтувлар чоғида умумий қиймати 5 миллион еврога тенг ҳужжатлар ва 30 та сурат мусодара қилинган.

Усмонов мусодара қилинган суратлар, шунингдек, тинтув қилинган яхта ва вилла билан алоқаси борлигини рад этган. Бу мулкнинг барчаси у назорат қилмайдиган фондларга тегишли, деган миллиардернинг вакиллари. Forbes журналининг ёзишича, «Дилбар» яхтаси Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага тегишли.

2023 йил октябрь ойи бошида Германия полицияси ва божхона ходимлари Мюнхен ва Тегернзе шаҳарларидаги Европа санкциялари остида қолган россияликга тегишли бўлган бир қанча мулкларни тинтув қилган. ОАВ хабарларига кўра, гап Усмонов ҳақида бормоқда. Тадбиркорнинг вакиллари тинтувлар унга тегишли объектларда ўтказилганини рад этган.