Франкфурт-Майн ҳудудий суди Германияда россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга тегишли объектларда ўтказилган тинтувларни ноқонуний деб топди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.

Ўзбекистон элчихонаси номидан иш кўраётган адвокатлар Петер Гаувайлер (Peter Gauweiler) ва Томас Фишер (Thomas Fischer) маълумотларига кўра, суд Ўзбекистон фуқароси Алишер Усмоновга нисбатан пул ювишда гумон қилиш бўйича асослар йўқлиги тўғрисида қарор чиқарган ва шу муносабат билан шаҳар прокурори тасдиқлаган тинтув ноқонуний деб топилган, ордер эса бекор қилинган.

Гап 2022 йил 15, 16 ва 21 сентябрь кунлари кўчмас мулк объектлари, шунингдек, 2022 йил 21 сентябрда «Дилбар» (Dilbar) моторли яхтасида ўтказилган тинтувлар ҳақида бормоқда.

Франкфуртдаги суд инстанциясига фикрига кўра, тинтувларни ўтказиш тўғрисидаги қарор «очилиши керак бўлган жиноят тавсифларига қўйилган минимал талабларга жавоб бермайди».

Адвокатлар Германия ҳукумати етказилган зарарни қоплашига ҳамда аввалроқ давлат идораларига таянган ҳолда тинтувлар ўтказилгани ҳақида хабар тарқатган матбуот органларини Франкфурт-на-Майн суди қароридан хабардор қилишига умид билдиришди.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган эди. Forbes 2022 йил апрель ойида унинг бойлигини 11,5 млрд долларга баҳолаган. Тинтувлар ўтказилаётган пайтга қадар Германия Федерал Жиноят бошқармаси (BKA) ходимлари Усмонов билан боғлиқ операцияларда банклардан пул ювишда гумон қилингани тўғрисида юзга яқин маълумот тўплашган эди.

Тадбиркорнинг вакили журналистларга унинг айбсизлигини, Россияда солиқ тўлаб, хайрия ишлари билан шуғулланаётганини айтди. Der Spiegel нашрининг қайд этишича, немис расмийлари миллиардерни Германияда солиқ тўловчи деб ҳисоблашган, чунки урушдан олдин у асосан Бавариядаги Тегернзе кўлидаги қароргоҳида яшаган.