Анвар Расулович Каримов 31 октябрь куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Туманни бошқариб келаётган Фаррух Ўктамжонов бошқа ишга ўтаётгани сабабли ўз лавозимидан озод этилган.

Анвар Каримов август ойидан буён қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

Каримов 1977 йил Сирдарё вилоятида туғилган. 1998 йилда Гулистон давлат университети ҳамда 2002 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган.

Иш фаолиятини 1999 йил Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри молия бўлимида бошлаган. 2009−2014 йилларда Молия вазирлигида бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2014−2017 йилларда Сирдарё вилояти молия бошқармаси бошлиғи ва 2017 йилда Сирдарё вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган.

2017−2019 йилларда молия вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари ва Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларини эгаллаган. Шунингдек, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

31 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Сарвар Султонов Мирзаобод туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Худди шу куни қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Тоғаев Қашқадарё вилояти Нишон туманига ҳоким этиб тайинланган.