Президент қарорига асосан Иқболжон Одилжонович Эргашев Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

У 1981 йил 26 майда Фарғона вилояти Қува туманида туғилган. Фарғона давлат университетини ҳамда Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган.

2002−2010 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги вилоят бошқармасида, 2010−2016 йилларда вазирликнинг турли масъул лавозимларида ишлаган.

2016 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритган.

Тайинловга қадар Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

2021 йилнинг ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришда масъулиятсизликка йўл қўйган икки нафар вазир биринчи ўринбосари ва уч нафар вилоят ҳокими ўринбосарига интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Улар орасида Иқболжон Эргашев ҳам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасини 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг августигача Бахром Шарипов бошқарган.