Ўзбекистон Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Шарипов Бахром Қурбонович бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. Унинг қайси ишга ўтгани маълум эмас. Шарипов қўмитага 2022 йилнинг 19 октябрь куни раҳбар этиб тайинланганди.

У 1974 йилда Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида туғилган. 1996 йили Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (кундузги шакл), 2004 йил Термиз давлат университети (сиртқи)ни тамомлаган.

Бахром Шарипов Термиз шаҳар ва Сурхондарё вилояти «Камолот» жамғармасида турли лавозимларда, шунингдек, вилояти ҳокими ёрдамчиси, Сурхондарё саноат, қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш комбинати котибият мудири — Сурхондарё вилояти «Автотехизмат» АЖ раиси ҳамда бир қатор хусусий компаниялар бош директори лавозимида фаолият юритган.

Тайинловга қадар у «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. Бундан ташқари, Эркин Хайитов қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига, Миряшин Сагатов эса раис ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шу билан бирга, Шерзод Асадов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.