Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Келгуси йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,6−5,8 фоиз, 2025−2026 йилларда эса мос равишда 6,2 ва 6,4 фоиз бўлиши, ўсиш суръатлари саноатда 6 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасида 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Бу кўрсаткичларга «ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш» орқали эришилиши кутилмоқда.

Скрин: 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасиСкрин: 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси

Инфляция 2024 йилда 8−10 фоиз, 2025 йилда 7,5−8,5 фоиз, 2026 йилда 5,7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳада ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари келтириб ўтилган.

Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 2024 йилда ЯИМнинг 4 фоизи, 2025−2026 йилларда эса ЯИМнинг 3 фоизи чегарасида бўлиши кутилмоқда. Ҳозирча ҳукумат тақчилликни 3 фоиз чегарасигача қисқартира олмади, гарчи бундай мақсад 2022 йилдан бери давлат бюджетида тасдиқланиб келинаётган бўлсада.

Ҳужжатда қайд этилишича, бюджет тақчиллигини қисқартириш иқтисодиётдаги ялпи талабнинг ўсишини тартибга солишга, шунингдек, ташқи савдо балансининг салбий тақчиллиги ва инфляция босимини камайтиришга ёрдам беради.

Асосий солиқ ставкалари ўрта муддатли истиқболда ўзгаришсиз қолади. Шу сабабли, даромадларни ошириш учун бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ ва божхона имтиёзларини уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилган.

Солиқ ва бюджет сиёсатини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига босқичма-босқич мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан, ўрта муддатли истиқболда эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслигини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилади.

Ҳужжат билан йиллик бюджетни шакллантиришда «натижага асосланган бюджет» тизимини босқичма-босқич тўлиқ жорий этиш, инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган харажатларнинг устуворлигини таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг манзиллилигини кучайтириш, иш ҳақи ва пенсияларни инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш, бюджетнинг очиқлигини таъминлаш ва бюджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш, давлат секторида ички назорат ва ички аудитни такомиллаштириш ва кучайтириш таклиф этилмоқда.

Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини акс эттириш, «яшил бюджетлаштириш» тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш, давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш мезонларига (PIMA) мувофиқлигини таъминлаш, атроф-муҳит ва табиат муҳофазаси, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларининг, сув сарфини камайтириш ва иқтисод қилиб ишлатилишини рағбатлантирувчи тадбирларни устуворлигини таъминлаш, барча соҳларда бюджет харажатларини оптималлаштириш, иқтисод қилинадиган маблағларини юқори самара берадиган ижтимоий-иқтисодий тадбирларга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари

давлат бюджети, давлат бюджети-2024

Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олмаганда, 2024 йил учун консолидациялашган бюджет даромадлари 375,04 трлн сўм, харажатлари 427,55 трлн сўм бўлиши кутилмоқда. Бюджетнинг ўзининг даромадлари эса 270,3 трлн сўмни, харажатлари 279,6 трлн сўмни ташкил этади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 55,4 трлн сўм, харажатлари 86,8 трлн сўм миқдорида бўлиши режалаштирилган. Шу билан бирга, мазкур жамғармаларга республика бюджетидан 33,1 трлн сўм трансфертлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Пенсия жамғармасининг бюджетдан ташқари тушумлари 46,8 трлн сўм, харажатлари 63,1 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.

Давлат дастурлари бўйича ташқи қарзлар ҳисобидан режалаштирилган харажатлар 11,8 трлн сўмни ташкил этади.

Консолидациялашган бюджетнинг тақчиллиги (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) 52,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиздан ошиб кетмаслиги лозим.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 40,8 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,1 фоизлик тақчиллик билан режалаштирилган.

Тақчиллик давлатнинг ички ва ташқи қарзлари, давлат активларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.

«2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг бу миқдорда белгиланиши жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик ва геосиёсий вазиятнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларга қўшимча маблағ йўналтириш, шунингдек, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни давом эттириш имконини беради», — дейилади лойиҳада.

Келгуси йилда Ўзбекистон қарз эвазига кўпроқ кредит жалб қилиши мумкин. Жорий йилда давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш чегаралари 4,5 млрд доллар бўлган бўлса, келгуси йилда 5 млрд долларни ташкил этади. Шундан 2,5 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллари эса инвестисия лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Давлат қарз портфелини диверсификация қилиш ва валюта рискларини камайтириш мақсадида Ўзбекистон номидан муомалага чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг максимал соф ҳажмини 2024 йил учун 25 трлн сўм (2023 йил учун 17 трлн сўм эди) миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.

2024 йилда оғирлиги 10 тоннадан ортиқ юк автомобиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида (1,65 млн сўм) миқдорида йўл йиғимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги балансни сақлаш мақсадида маҳаллий солиқ органлари, Кадастр агентлиги ҳудудий органларини ва халқ қабулхоналарини сақлаш харажатларини ҳамда суд бошқарувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини маҳаллий бюджетларга ўтказиш таклиф этилган.

Болалар нафақалари ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлигининг (меҳрибонлик ва «Мурувват» уйлари, вояга этмаганлар билан ишлаш секторлари ва оилавий меҳрибонлик уйлари) ташкилотларини, шунингдек, сув хўжалиги ташкилотлари ва маҳаллаларни сақлаш харажатлари ННТ сифатида республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда эндиликда давлат бюджетининг ҳар бир моддаси бўйича аниқ шахслар жавобгар бўлишини айтганди. У, шунингдек, бюджет интизомини кучайтириш бўйича ўзгартиришлар қабул қилиш топшириғини берган ва агар бюджет маблағларидан фойдаланиладиган бўлса тўғридан-тўғри шартномалар тузишни тақиқлаганди.

Лойиҳа билан батафсил бу ҳавола орқали танишиш мумкин.