Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни 2024 йилги давлат бюджетининг асосий йўналишлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Биз таҳликали замонда яшаяпмиз, рақобат кучайиб кетяпти. Биз бундай оғир пайтда фақат ўзимизнинг барқарор иқтисодиётимизга ишонишимиз керак. Йил якунига қадар бюджет тушумлари прогноз ижроси ва 2024 йил учун вазифаларни жиддий, танқидий муҳокама қиламиз», — деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

»давлат

Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсди. Жумладан, саноат 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз, хизматлар 12,1 фоизга ошган. Экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 млрд долларни ташкил қилди. 226,6 трлн сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпайган.

«Бироқ кўрсаткичларимиз яхши бўлгани билан айрим тармоқ ва ҳудудлардаги ишлар аҳволи мени ташвишга солмоқда. Барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун фақат ички имкониятларни ишга солишимиз зарур. Ўзимизга ишонишимиз керак. Миллатимизни ўйласак, бугун ҳар биримиз, ҳар битта вазир, ҳар битта ҳоким ўзгариши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодий ўсишга зарур шароит яратиб, даромад базасини янада кенгайтириш ҳукумат ва ҳокимларнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

«Энди давлат бюджетининг ҳар бир сатрига аниқ масъуллар бириктирилади. Агар вилоят, туман ва шаҳар ҳокими дунёқарашини ўзгартириб, маҳаллий корхоналарнинг ишини ривожлантириб, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумни кўпайтирмас экан, иқтисодиёт барқарор бўлмайди. Шуни тушуниш керак», — деб ҳисоблайди президент.

»давлат

Президент йирик саноат тармоқларида харажатни қисқартириш орқали таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Тақдим этилган ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг биргина тўртинчи чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатлар камайтирилади. Бу ишларни тизимли давом эттириш учун ҳукуматга келгуси йилда йирик тармоқларда таннархни 15−20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда паст қувватда ишлаётган корхоналарга кўмак бериб, уларни тўлиқ қувватга чиқариш чоралари белгиланди. Тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш муҳимлиги айтилди.

Яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, 2024 йил инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 триллион сўм йўналтириш мўлжалланмоқда. Бу жорий йилгига нисбатан 15 фоиз кўп.

Дастлабки лойиҳада 317 та мактаб қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган. Президент бу масаланинг муҳимлигини ва жойлардаги талабни инобатга олиб, яна 150 та мактаб қурилишига маблағ ажратишни таклиф қилди. Мактабгача таълим, профессионал ва олий таълим тизими учун назарда тутилган маблағларни ҳам кўпайтириш бўйича фикр билдирди.

Шу билан бирга, ушбу маблағлардан оқилона фойдаланиш, ажратилаётган маблағларнинг натижадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Келгуси йилдан «Маҳалла бюджети» тизими тўлиқ жорий қилинади. Ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлади.

»давлат

Давлат раҳбари бу маблағларни маҳаллада иш ўрни яратадиган, аҳолининг оғирини енгил қиладиган лойиҳаларга йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Ушбу янги тизим бўйича маҳалла раисларини ўқитиш, маблағларнинг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Бюджет интизомини кучайтириш бўйича қонунчиликка таклифлар киритиш зарурлиги айтилди. Бу борада бюджет маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик, очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш қатъий кўрсатиб ўтилди.

Тармоқ, соҳа ва ҳудудларга келгуси йил 32 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 19 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида 2024 йил учун бюджет лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Эслатиб ўтамиз, саккиз ой давомида Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги қарийб 40 трлн сўмни ташкил этган. Ўтган икки ойда харажатлар даромаддан 12,2 трлн сўмга ошди. Эслатиб ўтамиз, ҳукумат 2023 йил якунлари бўйича профицит бўлишини прогноз қилган эди.