Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятидаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирининг ўқитувчиси ўқувчини дарс пайтида дўппослаётгани акс этган видео тарқалди.

Унда эркак ўқитувчи ўғил боланинг юзига ва елкасига бир неча маротаба тарсаки туширгани, сўнгра «сен кимсан?» дея, кийимидан ушлаб, ерга улоқтирганини кўриш мумкин.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат 30 октябрь куни Боғот туманидаги 2-ИДУМда содир бўлганини маълум қилди.

Бошқарма хабарига кўра, тарих фани ўқитувчиси Қ.Ҳ. 9-синф ўқувчиси М.Б.ни «қайта-қайта огоҳлантиришига қарамасдан, дарс машғулотига тайёргарликсиз келгани учун» калтаклаган. Ҳолат бошқа бир ўқувчи томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоққа жойланган.

Эртаси куни ушбу ходим билан тузилган меҳнат шартномаси унинг хоҳишига кўра бекор қилинган.

Болалар омбудсмани воқеа юзасидан муносабат билдираркан, ҳолат назоратга олинганини ва бу борада боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўрилишини билдирди.

«Ўқитувчи томонидан болага нисбатан бундай номаъқул муомалада бўлиши, уни уриши, таҳқирлашига ҳеч бир ҳолатда мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», — дейилади омбудсман хабарида.

Боғот тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёдаги 4-мактабда ҳам ўқувчи калтакланиши содир бўлгани ва бунинг ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилгани маълум қилинганди. Ижтимоий тармоқларда видео тарқалгач, мактаб директори ҳам лавозимидан озод қилинган.

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 245-умумтаълим мактабида 2-синф ўқувчисини урган ўқувчи А.А. билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ургут туманида мактаб директори ўқувчини ургани сабабли унинг қулоқ пардаси йиртилган. Воқеага синфхонада болаларнинг пақилдоқ портлатиши сабаб бўлган. Суд ҳукмига кўра, собиқ директорга нисбатан 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, унинг 3 йилга таълим соҳасида мансабдор сифатида ишлаши тақиқланган.