Самарқанд вилояти Ургут туманида мактаб директори тарсаки туширган ўқувчининг қулоқ пардаси йиртилган эди. Олий суд матбуот хизмати собиқ директорга нисбатан ҳукм ўқилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, синфхонада ўқувчилар мактаб ошхонасидан сотиб олинган пақилдоқни портлатган. Шундан сўнг директор келиб, ўқувчилардан биринининг қулоғига тарсаки туширган. Болаларнинг сўзларига кўра, мактаб раҳбари ўқувчига тўрт мартагача тарсаки урган, у йиқилганидан сўнг оёғи билан тепган.

Собиқ раҳбар ҳолатга изоҳ бераркан, аччиқ устида болани ургани, шундан кейин Тошкентга 3 марта олиб бориб даволатгани, ҳозир унинг аҳволи яхши эканини маълум қилди.

Аммо йигитнинг отаси ўғлининг боши партага урилиб, чайқалгани, илтимос қилса ҳам, директор уришда давом этгани, даволанганига қарамай, қулоғида ҳалиям муаммо борлигини билдирди.

Якунда суд собиқ директорни Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан 3 йилга таълим соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Шунингдек, унга нисбатан 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.