Жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман суди 23 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Тошкент вилоятида яшовчи фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Суд ушбу эркакни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш, яъни … шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши) бўйича айбдор деб топиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Маҳкумнинг исми ва фамилияси кўрсатилмаган, фақат унинг бош ҳарфлари — И. Х., шунингдек, 1985 йилда туғилган, пайвандчи бўлиб ишлагани айтилган.

«Озодлик» радиоси келтирган маълумотларга кўра, гап Ильдар Хайрулин ҳақида кетмоқда. Нашрнинг тергов ҳужжатларига таяниб маълум қилишича, Хайрулин 2014−2015 йилларда Украинада ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР томонида жанг қилган.

Далил сифатида тергов, хусусан, Хайрулиннинг Украинанинг «Миротворец» сайтидаги профилини келтирди.

Бундан ташқари, терговчилар Хайрулиннинг телефонида унинг айбини тасдиқловчи скриншотлар топилганини даъво қилмоқда.

Маҳкумнинг яқинлари нашр билан суҳбатда бу иш бўйича тергов ва суд жараёнини «асоссиз» деб атаб, ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида эканликларини айтишган. Улар Хайрулиннинг Украинадаги урушда қатнашмаганини, у ерга бормагани ва айблов эълон қилинган пайтда Россияда бўлганини даъво қилмоқда.

Маҳкумнинг катта акаси Ленур Давлетшиннинг айтишича, Хайрулин «Миротворец» сайтига жойлаштирилган суратни Татаристон ҳудудида олган ва суратдаги қурол ўқотар эмас, балки пневматик қуролдир.

«Бу суратнинг „Миротворец“ сайтига қандай тушиб қолганини билмайман. Терговда ушбу фотосурат, бир нечта СМС хабарлар ва яна иккита гувоҳнинг кўрсатмалари бор. Илдар бу гувоҳлар билан гаплашмаганини айтди. Гувоҳлардан бири маст ҳолда акам билан гаплашганини тан олди. Иккинчиси эса унинг кўрсатмасидан бутунлай воз кечди», — дея унинг сўзларини келтиради «Озодлик».

Олий суд хабарига кўра, маҳкум биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция шикояти берган.

«Миротворец» сайти, маъмурларининг фикрига кўра, Украина хавфсизлигига таҳдид соладиган одамлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилади. Россия истилоси бошлангандан сўнг, сайтда рус ҳарбийлари томонидан содир этилган жиноятлар ҳақидаги маълумотлар ҳам пайдо бўлди.

Лойиҳа, шу жумладан БМТ томонидан, сайт маълумотлар базасига киритилган одамларнинг шахсий маълумотларини жамоатчиликка эълон қилгани учун танқид қилинган. 2019 йил декабрь ойида «Миротворец» ўз базасига эркин киришни ёпишга ваъда берди. Украина расмийлари, жумладан, президент Владимир Зеленский сайтни ёпишга мажбурлаш ваколатига эга эмаслиги, чунки у қонунни бузмаганин билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни қуролли кучлар сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақирган ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган эди.