Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида қатор объектларга ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари бунёдкорлик жараёнлари билан танишувни Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичдан бошлади.

Бу кўприк Бобур кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа йўли ва темир йўл устидан ўтади. Автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида бу ерда аввалги кўприкка ёндош яна бир эстакада қурилмоқда. Қайд этилишича, у йиғма монолит услубида бўлиб, сифат талабларига мос.

«Президентга ушбу объектнинг қурилиши ва тўсинларни синовдан ўтказиш жараёнлари ҳақида маълумот бердик. Айтиш керакки, синовдан ўтказиш ишлари қурилишдан аввал олиб борилди. Бунда полигонлардан фойдаланилди. Натижалар лойиҳа институти олиб борган ҳисоботлар аниқлигини кўрсатди. Кўприк белгиланганидан кўра юқори вазндаги кўтара олади. Демак бу йўл ўтказгични бемалол хавфсиз дейиш мумкин. Ундан фойдаланиш муддати 50 йилдан кам эмас», — деди лойиҳанинг россиялик маслаҳатчиси Юрий Ипатов.

Юрий Ипатов ва Шавкат МирзиёевЮрий Ипатов ва Шавкат Мирзиёев

Қурилиш битгач, кўприкнинг эни 46 метрга етади. Бир кеча-кундузда 20 минг транспортни ўтказиш қобилиятига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич 9−10 минг атрофида бўлгани таъкидланди.

Кўприк ёнида 2 та айлана, 4 та ёйсимон шаклдаги чиқиш-тушиш йўли барпо этилмоқда. Бу қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, бошқа йўллардаги ҳаракатга қўшилишни осонлаштиради. Шунингдек, кўприк устида пиёдалар ва велосипедлар йўлаклари ҳам кенгайтирилди.

Президент бу ердаги қурилиш жараёни билан танишди. Туташ йўлларда ҳам пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатига қулайликларни ошириш, атрофни кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни Тошкентда халқаро аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бирваракайига бешта тўсини қулаб тушганди. Расмий хабарларда уларни ўрнатиш пайтида эҳтиётсизликка йўл қўйилгани айтилганди.