Пойтахтда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудида ер ости автотураргоҳига эга кўп қаватли турар-жой ва тадбиркорлик мажмуаси қурилишини бошлашга тайёрланаётган компания ҳамда аҳоли ўртасидаги қарама-қаршилик давом этмоқда. «Газета.uz» ёзда юз берган воқеалар ҳақида батафсил ёзган эди (рус тилида).

Мажмуа, лойиҳага кўра, 1900 дан ортиқ хонадонга эга бўлиши керак (шунча миқдордаги ер ости тўхташ жойлари билан). Буюртмачи — Biopharm Plyus фармацевтика компанияси. Масъул идоралар томонидан берилган тақиқларга қарамай, ҳудудда қурилиш техникалари ишламоқда, юк машиналари бу ердан тупроқ олиб кетмоқда.

Мазкур ҳолат институтда куйдирги ва бошқа хавфли касалликларга қарши вакциналар ишлаб чиқарилгани, шунингдек, муассаса сайтида тақдиқланишича, ҳайвонлар устида тажрибалар ўтказилгани сабабли «Шайх Шибли» маҳалласи аҳолисини жиддий ташвишга солмоқда. Ҳудудда чорва моллари қабристонлари ва Беккари ўралари бўлган, чиқиндилар бу ердан олиб чиқилмаган ва шу жойнинг ўзида утилизация қилинган.

Ҳозирда расмий идоралар сўровларга чорва моллари қабристонлари ва Беккари ўраларининг жойлашуви ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз дея жавоб беришмоқда. Расмий ўлчовлар куйдирги ва бошқа хавфли касалликларнинг йўқлигини кўрсатади. Аммо аҳоли ва институтнинг собиқ ходимлари намуналар нотўғри олинганини даъво қилмоқда. Аҳоли бонг уришда давом этиб, турли идораларга мурожаат қилиб, қурилишнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

«Газета.uz»га маълум бўлган сўнгги янгиликларга кўра, фаоллардан бири митингга чақирганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилган, маҳалланинг уч нафар фуқароси эса суд қарори билан жарима тўлаши керак.

«Моддий манфаатиз йўқ, фойдамиз — ҳаётнинг ўзи»

Аввал ёзганимиздек, 13 апрель куни Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари Президент администрацияси топшириғига кўра қурилиши режалаштирилаётгани муносабати билан институт ҳудудидаги 10 та жойдан тупроқда хавфли қўзғатувчилар мавжудлигини аниқлаш мақсадида намуналар олган. Хизмат ҳудудда бундай вўзғатувчилар мавжуд эмас деган хулосага келган.

Институт ходимлари ва маҳалла аҳолиси намуна олиш усулидан норози бўлгани сабабли 30 май куни СЭС яна тупроқ намуналарини олган. Бу сафар — маҳалланинг тўрт нафар фуқароси иштирокида. Улар орасида бўлган Акбар Мухитдинов намуналар олган жойларни кўрсатди. Аммо бу сафар ҳам, аҳолининг фикрича, намуналар меъёрлар бузилган ҳолатда олинган.

«Экскаватор келди. Улар Муфел печини, тозалаш иншоотини бузишди — ашёвий далилларни йўқ қилишди», — дейди муқимлардан Дарина Йўлдошева.

30 май куни намуналар олинган видео кадр. Экскаватор тозалаш иншоотидан тупроқни ковлаб чиқармоқда.30 май куни намуналар олинган видео кадр. Экскаватор тозалаш иншоотидан тупроқни ковлаб чиқармоқда.

«Намуналарни экскаватор ёрдамида олиш мумкин эмас. Тартиблари бор. Уни махсус намуна олувчи ускуна билан олиш керак. Мен ҳар 25 см дан 10 м чуқурликдан намуна олишларини сўрадим. Намуналарни бурғуловчи машина пастга тушгани сари босқичма-босқич олиш керак эди», — дейди Акбар Мухитдинов.

Аҳоли таҳлил натижаларини икки ой кутишди. «Газета.uz» Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлиги қўмитасига таҳлил натижаларини тақдим этиш сўрови билан мурожаат қилди.

Қўлга киритилган ҳужжатга кўра, 0,8−3 м чуқурликдаги муфель печи, тозалаш иншоотининг ички қисми ва «шубҳали қорамоллар қабристонлари» ёнидан жами 12 та намуна олинган. Барчаси 0,2 кг дан. Апрель хулосасида бўлганидек, баённомада сибирь куйдиргисини қўзғатувчи B.anthracis (антракс) ва бошқа хавфли касалликларни келтириб чиқарувчилар аниқланмагани қайд этилган.

30 майдаги муфель печи яқинидан намуналар олинганида қайд этилган видеодан лавҳа. Аҳоли печ бузиб ташланганини даъво қилмоқда.30 майдаги муфель печи яқинидан намуналар олинганида қайд этилган видеодан лавҳа. Аҳоли печ бузиб ташланганини даъво қилмоқда.

Намуналар олинган куни Дарина Йўлдошева машинаси билан экскаватор йўлини тўсиб қўйган. Аҳоли маҳалла ҳудудига юк машиналарининг кириб келишини тақиқловчи йўл белгиларини ўрнатишга муваффақ бўлди. Улар барча саъй-ҳаракатларини ўзларининг ва тошкентликларнинг саломатлиги борасидаги хавотирлари билан изоҳлашди.

«Ҳеч қандай моддий манфаатимиз йўқ, фойдамиз — ҳаётнинг ўзи», — дейди Дарина Йўлдошева.

Кўрсатмага қарамасдан, қурилиш давом этмоқда

Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 7 январь куни «Қуйи қаватларида савдо ва маиший иншоотлари бўлган кўп қаватли турар жой мажмуасини реконструкция қилиш ва қайта профиллаш» лойиҳасига ижобий хулоса берди.

Қурилишга тайёрлаш ишлари июль ойида бошланди. Аҳолининг сўзларига кўра, институт ҳудудидан катта ҳажмдаги тупроқ олиб чиқилмоқда, гидроболға ишлатилмоқда, бинолардан бири бузиб ташланмоқда.

«Институт ҳудудидан катта миқдордаги хавфли тупроқ шаҳарга олиб чиқиб кетилди. Бу ишлар тизимсиз равишда амалга ошириляпти. Тупроқ олиб кетаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик. Уларга бу қанчалик хавфли эканлигини тушунтирдик», — дейди Дарина Йўлдошева.

Сентябрда Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан аҳоли мурожаатига кўра қурилиш ишлари ўрганиб чиқилган. 3 октябрь куни инстпекция томонидан «ҳудуд тўсиқ девори билан ўралган, қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган, режалаштирилган қурилиш учун мавжуд биноларни тозалаш ва бузиш ишлари олиб борилмоқда» деган жавоб берилган.

Ҳужжатда, шунингдек, Biopharm Plyus қурилиш-монтаж ишлари бошлангани ҳақида инспекцияни хабардор қилмагани, шу сабабли ер қазиш ишлари тўхтатилгани ҳам қайд этилган.

5 октябрда аҳоли ишлар давом этаётгани ҳақида хабар беришди. 27 октябрь куни «Газета.uz» мухбири ҳам мазкур ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилаётганига амин бўлди.

Қандай қилиб фаоллар жавобгарга айланишди?

Июль ойида Дарина Йўлдошева илмий-тадқиқот институти ҳудудидан тупроқ олиб чиқила бошлаганидан хабар топди. У эпидемиологик хавф ҳақида огоҳлантирувчи видеони ёзиб олиб, уни 400 нафарга яқин маҳалла гуруҳига жойлаштирди. Видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Дарина Йўлдошева видеони ўзи бошқа каналларда тарқатмагани ва тарқатиш мақсадида ёзмагани билан изоҳлайди. Ой охирида эса уни Юнусобод тумани ички ишлар бўлимига «профилактик суҳбат» ўтказиш учун чақиришган.

«Учрашувга бордим. Менга видеомни кўрсатишди. Хонада беш киши бор эди. Ҳаммаси мени қўрқитмоқчи бўлиб: „Митинг нималигини биласизми?“ дейишди, мен ҳеч кимни митингга чақирмаганимни айтдим. Мен „митинг“ сўзини ишлатмадим. Эҳтимол, бу бошқа видеога тегишлидир, унда мен рухсат этилган митинг ўтказиш учун ариза қолдириш учун Адлия вазирлигига қандай борганимни айтиб бердим. Мен ҳеч қачон одамларни митингга чақирмаганман», — дейди фаол.

Ўша куни у митингларга чақириш қандай оқибатларга олиб келишидан хабардор қилингани ҳақида тушунтириш хати ёзиб берган.

«25 октябрь куни Шуҳрат Саидовнинг (Биофарм Плюс директори ўринбосари — таҳр.) аризаси асосида мени яна чақиришди. Унинг аризаси одамларни рухсат этилмаган митингга чақирганим ҳақидаги асоссиз айбловдан иборат эди. Биринчи кунданоқ мен ҳар доим қонун бўйича ишлаймиз, дедим, назарий жиҳатдан судга боришнинг ҳожати йўқ, қонунларда ҳаммаси ёзилган», — деди Дарина Юлдашева.

Маҳалла муқимларидан Нодир Нажимовнинг қўшимча қилади: «Митингга чақирмоқчи бўлган шахс Адлия вазирлигига митинг ўтказиш учун рухсат олиш учун ҳужжат олиб бормайди».

Лойиҳа буюртмачиси Дарина Юлдашевани 30 июль куни Шуҳрат кўчасида ўз машинаси билан қурилиш техникасининг киришини тўсиб қўйгани учун судга берган.

«Судда қилган ишимни рўйирост тан олдим ва шу йўл билан ўзимни, оиламни ва жамиятни ҳимоя қилмоқчи эканлигимни айтдим, — деб тушунтирди у. — Судя қоидабузарликни аниқламади ва огоҳлантириш берди».

Аёл иккинчи марта 29 сентябрь куни Чингиз Айтматов кўчасидан қурилиш майдончасига кираверишга машинасини тўхтатди. У ишчиларнинг яшил майдонларни қандай кесиб ташлаётганини тасвирга олмоқчи бўлди.

«Ўша пайтда қурувчилар дарвоза ўрнатиш учун тайёрланган темир тахтани олиб, машинамга тақаб қўйишди. Машинадан хавотир олиб: „Машинамга тегсангиз, сизни ўлдираман“, — дедим. Бу гапларимни видеога ёзиб олишди ва суд мажлисида асосий далил қилиб, қонуний қурилишга, тадбиркорларга халақит бераётганимни айтишди. Албатта, жаҳлим чиққанди. Айтиш мумкинки, эҳтирос ҳолатида. Лекин улар шундан фойдаланишди», — дейди Дарина Юлдашева.

«У ерда тўхташни тақиқловчи белгилар йўқ эди. Бу режим объекти эмас. Қурилиш майдончаси қаршисида тўйхона бор, у ерга жуда кўп машиналар тўхтайди. Нега улар Даринага ёпишиб олишди? Шунчаки, у уларнинг қурилишига халақит беряпти, шунинг учун ҳам айбини топишга ҳаракат қилишяпти», — дейди маҳалла муқимларидан Нодир Нажимов.

10 октябрь куни маҳалла фуқаролари дастлабки ҳимоя чораси сифатида қурилишни тўхтатиб туришни сўраб, лойиҳа буюртмачиси устидан судга мурожаат қилган. 12 октябрь куни Тошкент шаҳар туманлараро маъмурий суди «қурилиш, бузиш, демонтаж қилиш ва яхлитликни бузишга қаратилган бошқа ҳаракатлар»ни вазиятга тўлиқ аниқлик киритилгунига қадар тўхтатиб туриш тўғрисида қарор чиқарди.

Қурилиш эса барибир давом эттирилди. 14 октябрь куни аҳоли қурилиш майдончасига кириш жойига келиб, ички ишлар бўлимига қўнғироқ қила бошлаган. Воқеа жойига маҳаллий маҳалла «участковойи» Фаррух Абдуакбаралиев етиб келади. Акбар Мухитдиновнинг айтишича, у аҳолига ариза ёзишни маслаҳат берган. Ҳужжатни беш-олти киши имзолаган.

Кўп ўтмай, уч киши, жумладан, Акбар Мухитдинов қурувчининг даъвоси бўйича айбланувчига айланиб қолди. Суд 20 октябрь куни бўлиб ўтди. Фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми («Ўзбошимчалик» ва «Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик») билан айбдор деб топилиб, БҲМнинг бир баравари (330 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Суд қарорида айтилишича, суднинг 12 октябрдаги ажрими эълон қилингандан сўнг 14 октябрь куни «суд қарорини ижро этиш ҳуқуқига эга бўлмаган» уч нафар шахс «МЧЖ қурилиш майдонига киришни тўсиб, ўзбошимчалик билан ишни тўхтатган». Корхона директори ўринбосари Шуҳрат Саидов ИИБга қўнғироқ қилганида, уч киши «ходимларнинг жамоат жойида тартибни бузмаслик ва тарқалиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган».

Айбланувчилар ўз баёнотларида қўйилган айбларга рози эмасликларини билдиришган. Улар Biopharm Plyus тегишли рухсатномалар олмасдан қурилиш ишларини бошлагани, аҳоли қурилишга рози бўлмагани ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгани, қурилиш ҳам суд, ҳам прокуратура томонидан тўхтатилгани, бироқ компания ишни давом эттираётганини айтишди.

Акбар Мухитдинов, хусусан, компания суднинг ишни тўхтатиб туриш ҳақидаги талабини бажармагани учун қурилиш майдончасига келганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 12 октябрь куни у ўзини қоровул деб атаган шахсга суд қарорини имзолаш учун тақдим этган. 14 октябрь куни у бошқа фуқаролар билан қурилиш майдончасига келиб, юк машиналаридаги одамларга хавф туғдириши мумкин бўлган тупроқни бўшатишни талаб қилган.

Қурувчининг вакили Шуҳрат Саидов судда 12 октябрдаги суд қарори ўша пайтда компанияга етиб келмаганини, фуқаролар компания фаолиятига халақит бераётгани, хусусан, автомобиллар ҳаракатига тўсқинлик қилаётгани учун ички ишлар ходимларини чақирганини айтди. Маҳалла аҳлининг айбини исботлаш учун суд томонидан кўриб чиқилган видео далиллар тақдим этилди.

Ҳужжатларни қалбакилаштиришда шубҳалар

«Шайх Шибли» маҳалла қўмитаси раиси Асатилла Тўлаганов аҳоли фаоллигидан мамнун бўлса-да, тушунмовчиликларга йўл қўймаслик учун фаоллар ишига аралашмасликка ҳаракат қилган. Сентябрь бошида у ўз лавозимини тарк этишга қарор қилди. Ўшанда гўёки 22 нафар фуқаро қўл қўйиб, турар жой мажмуаси қурилишига рози бўлгани ёзилган ҳужжатда ўзининг ҳам имзоси борлигини билиб қолган.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Асатилла Тўлаганов ҳеч қандай ҳужжатга имзо чекмаганини маълум қилди. У Тошкент шаҳар бош архитекторига мурожаат йўллаб, унда ҳужжатнинг сохталаштирилгани ҳақида маълум қилган ва «маҳалла аҳолисининг қурилиш борасидаги фаол келишмовчилиги ва уларнинг ўта хавотирда экани»ни қайд этган.

«Ҳужжатни олиб келишганида, 22 кишини айланиб чиқишга қарор қилдик. Ким маъқуллаган бўлса — Худо ҳаққи, биз ўз фикримизни мажбурлаб сингдирмаймиз. Кўпчилик қурилишга қарши эди. Улар ҳам худди мен каби ҳайратда қолишди. Бу ҳатто менинг имзом ҳам эмас», — дейди Асатилла Тўлаганов.

Дарина Юлдашеванинг тушунтиришича, аҳоли ҳақиқатда ҳужжатга имзо чеккан, лекин гап қурилишга розилик ҳақида эмас, аксинча. Аҳолининг фикрича, ҳужжатдаги варақлар алмаштирилган.

Маълумот учун: 2018 йилда ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш мумкин эмас деб топилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг шаҳар ҳокимлигига йўллаган хатида айтилган. Давлат ветеринария қўмитаси ҳам ўз мактубида бу ерда ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланганини қайд этган.