2021 йил март ойида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб фирибгарлик содир этгани учун 8 йилга қамалган Avto 60 oy асосчиси Жамшид Баҳодиров озодликка чиқди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Avto 60 oy МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олган, 16 мингдан ортиқ мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғилган.

2021 йил 29 март куни Баҳодиров 8 йил, компаниянинг бошқа мансабдор шахслари эса 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Бугунги кунга қадар 34,15 миллиард сўм ундирилган, 23,26 миллиард сўмлик зарар ёпилмаган. Kun.uz маълумотларига кўра, озодликка чиққан Боҳодиров фуқароларга «арзон ва қулай шартларда автомобил ҳамда квартиралар олиб бериш хизмат»ларини таклиф қилиб, юзлаб одамлар билан шартнома тузишда иштирок этган.

Олий суд изоҳи

«Газета.uz» сўровига кўра, Олий суд матбуот хизмати Баҳодировнинг озодликка чиқарилишига изоҳ берди. Қайд этилишича, жиноят иши биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция ёки протест келтирилмагани учун апелляция тартибида кўриб чиқилмаган.

«Ж.Баҳодиров суд ҳукми билан тайинланган жазонинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини ўтагани сабабли жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2021 йил 8 ноябрдаги ажрими билан ўталмай қолган 5 йил 11 ой 7 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ учун Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан манзил-колонияга ўтказилган ва 2021 йил 12 ноябрдан бошлаб, маҳкум 43-сон манзил-колонияда жазони ўтаб келган», — дея қайд этди Олий суд.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодировга нисбатан жиноят иши 2019 йил 12 октябрда қўзғатилган, тергов ва суд иши давомида у ҳибсда бўлган, шунинг учун унга тайинланган 8 йилдан ҳибсда ўтирган вақти чегириб ташланган.

43-сон манзил-колонияси томонидан 2022 йил 13 июнь куни берилган тавсифномада, маҳкум Ж. Баҳодировга нисбатан Жиноят кодексининг 74-моддасини қўллаш тайинланган жазонинг учдан бир қисми ўталганидан кейин, 2022 йил 15 июнь кунига тўғри келиши, у ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги ҳамда жазони ўташ даврида тузалиш йўлига ўтганлиги кўрсатилиб, ижобий тавсифланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасига асосан маҳкумнинг адвокати томонидан берилган илтимоснома жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг 2022 йил 21 июнь кунги ажрими билан қаноатлантирилиб, шу вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 74-моддаси 3-қисми «б» бандига асосан Ж. Баҳодировга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 5 йил 3 ой 24 кун муддати шу муддатга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Суд маҳкум Ж. Баҳодировнинг оғир жиноят учун 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ушбу жазонинг учдан бир қисмидан кўпроғи, яъни 2 йил 8 ой 6 кунини ўтаганлиги ҳамда манзил-колония маъмурияти томонидан бирилган тавсифнома инобатга олиб, адвокат томонидан берилган илтимоснома қаноатлантирилган. Ажрим устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилмаган.