Avto 60 oy компанияси фаолиятдан кўрилган зарарнинг умумий миқдори 57,4 млрд сўмга (6 млн долларга яқин) баҳоланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

2019 йил 12 октябрь куни Avto oltmish oy МЧЖ таъсисчиси Жамшид Баҳодиров ва бошқа мансабдор шахсларга қарши Жиноят кодексининг 188−1-модда 1-қисми (пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.

Мазкур жиноят иши UzAuto Motors`нинг компания 5 йил (60 ой) муддатга фоизсиз, бўлиб тўлаш шарти билан автомобиль харид қилишни таклиф этаётгани ва машинани 135 кун ичида етказиб беришни ваъда қилаётгани бўйича шубҳали фаолияти ҳақидаги мурожаати асосида қўзғатилди.

Тергов давомида аниқланишича, Avto oltmish oy фуқароларга автотранспорт воситаларини фоизсиз, 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олиб беришни ваъда қилган реклама флайерларини тарқатган. Фуқаролардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача олиб, шартнома расмийлаштирган. Тадбиркорлар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармасдан, шартнома тузиш учун фуқаролардан тушган пул маблағларини жамият фаолиятини реклама қилишга сарфлаган.

Жами 18818 нафар мижоз томонидан жамият ҳисоб рақамига 57,412 млрд сўм (6 млн долларга яқин) пул маблағлари ўтказилган. Шундан 130 та транспорт воситаларини сотиб олиб бериш учун Qibray avto moto servise МЧЖга 24,6 млрд сўмлик қисмини кўчириш бериш билан кифояланган. 96 нафар мижозга транспорт воситаси етказиб берган, қолган мижозларга автомашина олиб бериш юзасидан мажбуриятини бажариш учун компания ҳисоб рақамида етарли пул маблағлари мавжуд бўлмаган.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми: 34,148 млрд. сўм. Нақд пул шаклида — 26 млрд сўм, хатланган мол-мулклар — 8,148 млрд сўм, шунингдек 28 та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 млрд сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

«Жамшид Баҳодиров ва унинг шериклари ўзларининг жиноий фаолиятлари давомида „Catalea Media“ МЧЖ, „J.Baxodirov“ ЯТТ ва „Karat insurance“ МЧЖларни ташкил қилиб, устав жамғармасини мижозлар томонидан топширилган пул маблағлари эвазига шакллантирганликлари сабабли, мазкур жамиятларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, ягона иш юритувга бирлаштирилган», — дейилади Тергов департаменти хабарида.

Иш бўйича айбланувчилар қамоқда сақланмоқда, бир нафар айбланувчига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши бўйича ҳужжатли тафтиш якуни бўйича қолган шахслар ва жамиятнинг вилоятлардаги филиалларидаги менеджер ҳамда кассирларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Жиноят иши бўйича Тергов департаменти ва унинг қуйи тизими ходимларидан иборат тергов гуруҳи ташкил этилган бўлиб, Тергов департаменти ва Республиканинг барча ҳудудларида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ҳамда департамент томонидан жамланиб келинмоқда. Айбланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш масаласи суд жараёнида ҳал этилади.

Аввалроқ, Тергов департаменти автомобилларни 40 ойга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишни таклиф қилган AvtoRental компанияси мансабдор шахсларига қарши жиноий иш қўзғатгани ҳақида хабар берилган эди. Зарар қарийб 2,5 миллиард сўмни ташкил этди, 700 га яқин одам жабрланди.