Адлия вазирлиги атроф-муҳит, аҳоли саломатлигини зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидлар таъсиридан муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Республикада зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидлар билан боғлиқ мурожаатлар статистикаси юритилмаса-да, сўнгги пайтларда аҳоли яшаш ҳудудларида зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидлар атроф-муҳитга кўп чиқарилаётгани, бу маиший турмушда турли ноқулайликлар, ҳатто аҳоли соғлиғига салбий таъсирларни юзага келтираётгани ҳақида фуқароларнинг шикоятлари кўпаймоқда, дея қайд этган вазирлик.

Бугунги кунда Ўзбекистонда зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидларга қарши курашиш масалаларини комплекс тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларида айрим шовқинларга оид нормалар белгиланган. Бироқ ёруғлик шовқинлари ва ҳидлар бўйича санитария қоидалари ва меъёрлари мавжуд эмас. Масалан, санитария қоидалари ва меъёрларида электрон дисплейли (LED, OLED, 3D) ташқи реклама объектларининг ёруғлик меъёрлари белгиланмаган ҳамда ундаги ёрқин рангларнинг инсон соғлигига салбий таъсири, намойиш этиш даврийлиги бўйича нормативлар келтирилмаган.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, давлат органларининг зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидларга қарши курашиш ҳамда уларнинг олдини олиш соҳасидаги вазифаларида аниқ чегаралар белгиланмагани мазкур соҳани тартибга солишда қийинчилик туғдирмоқда.

Лойиҳа зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидларни атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига бевосита зарар етказувчи зарарли манбалар деб эътироф этишни назарда тутади.

Бундан ташқари, тунги вақт деб соат 23:00 дан соат 6:00 га қадар бўлган муддатни (ҳозирда тунги вақт бўйича ягона тушунча мавжуд эмас), шовқинсиз давр этиб иш кунларида соат 23:00 дан соат 7:00 га қадар ҳамда дам олиш ва байрам кунларида соат 21:00 дан соат 8:00 қадар бўлган вақтни белгилаш кўзда тутилмоқда.

2024 йил 1 январдан бошлаб тунги вақт ва шовқинсиз давр мобайнида қатор тақиқларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, қуйидагилар тақиқланади:

  • турар жойлар ва аҳоли пунктларида ташқи ва ички манбалардан рухсат этилган шовқин даражасидан ортиқ шовқинларни ҳосил қилиш, шунингдек рухсат этилган шовқин даражасига мувофиқ, лекин аҳолига сезиларли нотинчлик туғдирувчи доимий бўлган ёки доимий бўлмаган шовқинларни чиқариш;
  • аҳоли пунктлари ва жойлаштириш воситаларида дарахт кесувчи, майса ва ўтларни ўрувчи, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа жисмларни автоматик равишда ювувчи электр ва бензин двигателлар ёрдамида ишлайдиган мосламалардан фойдаланиш;
  • аҳоли пунктларида автомототранспорт воситалари, шу жумладан, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ёқилган транспорт воситалари томонидан товуш чиқариш мосламаларидан фойдаланиш;
  • аҳоли пунктларида очиқ осмон остида кўнгилочар-томоша тадбирларини (мусиқий, концерт, спорт, реклама ва бошқалар) ўтказиш;
  • якка тартибдаги уй-жой ва кўп квартирали уйларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, бундан авария ҳолатларини бартараф этиш ҳоллари мустасно (электр, газ, иссиқлик ҳамда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига хавф-хатар туғдириши мумкин бўлган бошқа фавқулодда ҳолатлар);

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида «Зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидлар ягона геоахборот портали» тизимини яратиш ҳамда масъул ходимларни тизимдан фойдаланиш бўйича ўқитиш режалаштирилган.

Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида вазирлик бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш ва бузиш ишларида чанг чиқиши ва атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олиш имконини берадиган замонавий сув пуркайдиган (микроклимат) технологияларини жорий этишни ҳам таклиф этган.

2022 йил январь ойида Адлия вазирлиги шовқинга қарши таклифлар ишлаб чиққанди. Шунингдек, автомобиль йўлларида овоз баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганишни ҳам таклиф қилинганди.