Адлия вазирлиги шовқиннинг салбий оқибатларига қарши курашишни янада чуқурроқ ва аниқ тартибга солиш учун қонунчиликка ўзгартишлар киритишни таклиф қилмоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

«Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий қонунчилик ҳамда жорий амалиётни ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда

Бугунги кунга қадар мамлакатда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган, дея қайд этди Адлия вазирлиги.

Жумладан, «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.

Ҳозирда, «тунги вақт» бўйича ягона тушунча мавжуд эмас, дейилади вазирлик хабарида. Масалан, ушбу вақт Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ — соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига мувофиқ — 23:00 дан 06:00 гача, «Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши худудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари»га мувофиқ эса — 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланан.

«Шунингдек, ушбу соҳада маълум илмий изланишлар мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш зарур. Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида шовқин соҳасида фақат битта кенг қамровли тадқиқот ўтказилган», — деб қўшимча қилди Адлия вазирлиги.

Бир неча хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мисол учун, Японияда 1968 йилги «Шовқинни тартибга солиш тўғрисида», АҚШда 1972 йилги «Шовқинни назорат қилиш тўғрисида», Буюк Британияда 1996 йилги «Шовқин тўғрисида» қонунлар мавжудлиги айтилди.

Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади.

Францияда автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган, ушбу тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади.

Адлия вазирлиги томонидан шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар ҳам маъсул идораларга тақдим этилди. Шуниннгдек, вазирлик ривожланган хорижий давлатлар мисолида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилади. Бундан ташқари, вазирлик белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратишни таклиф қилмоқда.

«Ушбу ташаббусларнинг имкон қадар тезкорлик билан амалга оширилиши жамият ҳаётини яхшилаш, шовқиннинг салбий таъсирига барҳам бериш, шунингдек, зарарли меҳнат шароитларига эга ишчилар ҳамда шовқин таъсири мавжуд ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳоли учун адолатли компенсация тўловлари жорий этилишига хизмат қилади», — дея хулоса қилган Адлия вазирлиги.