«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси 1 ноябрдан Тошкент жамоат транспортида йўлкира нархи ошишини маълум қилди.

Бир турдаги жамоат транспортида қатнов учун қатъий белгиланган йўл ҳақи нақд ва банк карталари билан тўлашда 2000 сўм, АТТО транспорт картаси билан тўлашда 1700 сўм этиб белгиланди.

Бир соат ичида бир автобусдан иккинчисига ўтиш ва АТТО картаси билан тўлашда йўл ҳақи учун 700 сўм тўлаш керак бўлади. Бир соат ичидаги учинчи ва тўртинчи автобусларда ҳаракат учун бепул бўлади.

Бир соат ичида метродан автобусга, бир метродан иккинчисига ёки автобусдан метрога ўтишда чегирмалар қўлланишига аниқлик киритилмаган. Бу, аввалдан режалаштирилганидек, кейинги босқичда амалга оширилиши мумкин.

Автобуслар ва метрополитенда йўлкира нархини ошириш ва бир соат ичидаги ўтишларда чегирмалар жорий этиш бир неча бор қолдирилган. Тарифни 1600 сўм қилиб белгилаш таклиф этилганди. Амалдаги тариф — 1400 сўм бир неча йилдан бери ўзгармаган.

Мослашувчан тарифлар апрель ойидаёқ жорий этилиши керак эди. Бироқ халқ депутатлари шаҳар кенгаши «тарифларнинг ошишига кескин қарши» чиққан. Депутатлар ислоҳотни 1 августга қолдирган, аммо бу муддат орқага сурилганди. «Газета.uz» июнь ойидаги мақоласида режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берган.